Биз спортни севамиз
Андижон вилояти Марҳамат туманида «Саломатлик ойлиги»га бағишланиб “Биз – спортни севамиз” шиори остида волейбол ва стол тенниси бўйича мусобақа бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган волейбол ва стол тенниси мусобақаларида ёшлар фаол иштирок этди.

Эркин Воҳидов номидаги шахмат мактаби мажмуасида ўтказилган Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари жамоалари ўртасида 2007-2008 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида волейбол бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақасининг 1- босқич вилоят саралаш турнирида 11 та туман ва шаҳар жамоаси иштирок этиб, ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Барча рақибларидан устун келган Марҳамат, Булоқбоши туманлари болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ҳамда Андижон олимпия захиралари коллежи жамоалари биринчи саралаш босқичида ғолибликни қўлга киритди. Мазкур вилоят мусобақасининг ғолиблари иккинчи ва учинчи саралаш босқичидан сўнг маълум бўлади.
Марҳамат агротехнологиялар техникуми спорт залида эса болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида таҳсил олаётган 2004 йилда туғилган ва ундан кичик ёшдаги ўсмирлар ҳамда қизлар ўртасида стол тенниси бўйича ўтказилган вилоят биринчилиги ҳам кескин курашларга бой бўлди.
Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, ўсмирлар ва қизлар ўртасида Андижон олимпия захиралари коллежи ўқувчилари Дилёр Тожимуҳаммаджонов ҳамда Моҳира Абдуллаевалар ғолибликни қўлга киритди.
Мусобақаларнинг ғолиб ва совриндорлари муносиб рағбатлантирилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА