Биз – спортчи оиламиз
Самарканд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида “15 май – Халқаро оила куни” муносабати билан “Биз – спортчи оиламиз” шиори остида профессор-ўқитувчилар ва ишчи-ходимларнинг оила аъзолари иштирокида спорт мусобақаси ўтказилди.
Филиалда фаолият олиб бораётган ходимларни оммавий спортга жалб этиб, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилган ҳолда, фойдали машғулотлар билан чиниқтириш орқали ўзи ва оиласини янада соғломлаштириш мақсадида касаба уюшмаси томонидан ташкил этилган ушбу мусобақада 6 та жамоа иштирок этди. Иштирокчилар турли қизиқарли спорт машғулотларини ўз ичига олган 7 та шарт бўйича беллашди.

Барча жамоалар чаққонлик ва эпчиллик билан ҳаракат қилиб, ғолиб бўлишга астойдил интилишди. Оила аъзолари ҳамжиҳатликда шартларни аъло даражада бажаришга ҳаракат қилди.

Якуний натижаларга кўра, Ҳайвонлар анатомияси, физиологияси ва биокимёси кафедраси номидан иштирок этган Примбетовлар оиласи биринчи ўринни эгаллаб, ғолиб бўлди. Филиал психологи Бекниязовлар оиласига иккинчи, тьютор Хожамбергеновлар оиласига учинчи ўрин насиб қилди.
Ғолиб ва фаол иштирок этган жамоаларга ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири