Битирувчиларга мутахассислик дипломлари топширилди
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида битирувчи ёшларга мутахассислик дипломларини топшириш тадбири ташкил этилди. Унда олий таълим муассасаси профессор ўқитувчилари, ота-оналар, корхона-ташкилот масъуллари ва битирувчи ёшлар иштирок этди. Тадбирда университет ректори Бахтиёр Мардонов ва “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти бош директори ўринбосари Қурбонмурат Тапаров ёшларга яратиб берилаётган шароит ва имтиёзлар ҳақида тўхталди. Бугунги кунда университет ва комбинат мисолида таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясида кадрлар етиштириш нечоғли муҳим аҳамият касб этаётганлигига эътибор қаратишди.
Жорий йилда университетнинг кундузги ва сиртқи таълим шаклларини жами 1389 нафар бакалавр ҳамда 11 нафар магистр тамомлади.
Мазкур ўқув йилида университетнинг қўшма таълим дастурларида иштирок этган 27 нафар талаба Беларусь миллий техника университети, Қозон федерал университети ҳамда Владимир давлат университети дипломларига ҳам эга бўлди.
[gallery-18399]
Маросимда бир қатор масъул раҳбарлар, ёшлар ва уларнинг ота-оналари ҳам сўзга чиқиб, малакали муҳандис кадрлар етиштиришда жонбозлик кўрсатаётган педагогларга миннатдорлик билдирди.
– 2020 йилда Металлургия йўналишига ўқишга кириб, қўшма таълим дастуридан фойдаланган ҳолда 2022 йилдан ўқишимни Беларусь миллий техника университетида давом эттирдим ва жорий йилда муваффақиятли тамомладим, – дейди Гулҳаё Фармонова. – Эндиликда асосий мақсадим Навоий кон-металлургия комбинатига ишга кириб, олган назарий билимларни амалиётда мустаҳкамлаш ва тажриба ошириш. Мақсадларим катта ва орзуларимнинг барчасини амалга оширишда яратилган имкониятлар алоҳида аҳамият касб этяпти.
Ижро этилган куй-қўшиқлар ҳаяжонли ва таассуротга бой тадбирга янада шукуҳ бағишлади.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари