Бишкекда “Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли” китоби тақдимоти ўтказилди
Қирғиз Республикасининг Бишкек шаҳридаги Алиқул Усмонов номидаги Миллий кутубхонада сенатор Қудратилла Рафиқов қаламига мансуб “Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли” китобининг қирғиз тилидаги нашри тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзоси Ҳусан Эрматов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳамда икки мамлакатнинг илмий ва ижодий зиёлилари, маданият соҳаси вакиллари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг жамият тараққиётидаги ўрни ҳақида сўз юритиб, китобнинг ушбу жараёнларни илмий-таҳлилий жиҳатдан ёритишдаги аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

Қайд этилганидек, асарнинг қирғиз тилида нашр этилиши икки қардош халқ ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тадбир доирасида Ўзбекистон делегацияси туркий дунёнинг буюк адиби Чингиз Айтматовнинг уй-музейига ҳамда Бишкек шаҳридаги Хотира майдонига ташриф буюриб, ушбу масканлар фаолияти билан танишди.
Н.Абдураимова, ЎзА