Бишкекда қитъа чемпионати давом этмоқда
Шу кунларда Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича ўсмирлар (U 17) ва ёшлар (U 23) ўртасида Осиё чемпионати мусобақаси бўлиб ўтмоқда.
Мамлакатимиз спортчилари қитъа биринчилигининг барча йўналишларида юртимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.

Қитъанинг 40 дан зиёд давлатидан 2 минг нафар атрофидаги спортчилар совринли ўринлар учун гиламга чиқмоқда.
Мусобақа дастурига биноан 19-21 июнь кунлари юнон-рум кураши, 20-23 июнда аёллар кураши ва 23-26 июнь кунлари эса эркин курашчилар ўртасида Осиё чемпионати совриндорлари аниқланади.
Бугунгача ўтказилган мусобақалар натижасига кўра, юнон-рум курашчиларимиздан Шаҳзод Рўзиохунов 45 кг. вазн тоифасида Осиё чемпионлигини қўлга киритди. У финал беллашувида эронлик Аҳмади Балутакини сўнгги балл эвазига мағлуб этиб, олтин медалга эга чиқди.

Юнон-рум курашчилари ўртасида 55 кг. вазн тоифасидаги баҳсда яна бир ёш курашчимиз Хуршидбек Нормуҳаммадов финалга қадар ўтган саралашларда барча рақибларини мағлуб этди. Аммо олтин медаль учун қозоғистонлик Нариман Бекимов билан кечган баҳсда кумуш медалли бўлди.
Мамлакат пойтахтининг «Бишкек-Арена» мажмуасида ўтаётган беллашувлар давом этмоқда.
Т. Рўзиев, ЎзА