Бишкекда қирғиз-ўзбек парламентлараро комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди
Қирғизистон Жогорку Кенеши ва Ўзбекистон Олий Мажлиси ўртасидаги ҳамкорлик бўйича Парламентлараро комиссиянинг VI йиғилиши бўлиб ўтди.
“Кабар” ахборот агентлиги хабарига кўра, учрашувда томонлар мавжуд алоқани кучайтириш, савдо-иқтисодий, сармоявий, ҳудудлар аро ва чегара олди ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, шунингдек таълим, фан ва маданият соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга ошириш масалаларини муҳокама қилган.
Тадбирда сўзга чиққан Жогорку Кенешнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича депутатлик дўстлик гуруҳи раҳбари Бактияр Калпаев йўлга қўйилган ҳамкорликни ўзаро ишонч мустаҳкамланиши муҳим воситаси сифатида баҳолаб шундай деди:
– Парламент дипломатиясини ривожлантириш – давр талаби. Очиқ ва тўлиқ шаклдаги парламентлараро мулоқот Қирғизистон ва Ўзбекистон, қолаверса халқларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро рамзий кўприклар қуришда йил сайин муҳим ўрин тутмоқда.
Жогорку Кенеш депутатлари Нилуфар Алимжонова савдо-иқтисодий алоқалар, Болот Сағинаeв таълим, фан ва маданият соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратди. Бундай алоқалар умумий ишончни мустаҳкамлаб, узоқ муддатли ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратиши таъкидланди.
– Биз рақамли таълим ресурси, электрон кутубхона ва архивни бирга ривожлантириб, тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш ва оммалаштириш учун замонавий технологиядан фойдаланишимиз зарур, – деди Сағинаев. – Айни ёндашув маданият ва таълим соҳасида изчил ҳамкорлик ўрнатиш имконини яратади.
Депутат Адилет Белеков чегара олди ҳудудлардаги маҳаллий ўзини ўзи бошқариш идоралари ўртасида тўғридан-тўғри ва доимий алоқани янада ривожлантириш масаласини ўртага ташлаб, Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятлари билан Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари ҳамкорлигини кучайтириш лозимлиги ҳақида гапирди.
Йиғилишда Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, мазкур комиссия ҳамраиси Содиқ Сафоeв бошчилигидаги мамлакатимиз парламенти делегацияси иштирок этди.
А.Маматов, ЎзА