Бирорта ёш эътиборсиз қолмайди
Юртимизда июнь ойи “Ёшлар ойлиги” деб эълон қилинганлиги муносабати билан Ёшлар ишлари агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан Ғузор туманида “Ёшлар ойлиги” юзасидан матбуот анжумани ва пресс-тур ташкил этилди.
Дастлаб Мустақиллик маҳалласидаги янги қурилган “Нуронийлар” масканида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда ташкилотнинг вилоятда ёшларнинг иқтидор ва қобилиятини рўёбга чиқариш борасида ўтказаётган турли хил танловлари, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун имтиёзли кредитлар ажратиш, кенг ёшлар қатламини қамраб олган маънавий-маърифий тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Хусусан, ёшлар ўртасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш мақсадида бугунги кунда вилоятнинг туман (шаҳар) ларида 6 минг 447 нафар ёш инглиз тилига, 2 минг 932 нафар ёш немис тилига, 137 нафари бошқа тилларга ўқитилмоқда. Хорижий тилларга ўқиётган ёшларнинг 287 нафари тил билиш сертификатини қўлга киритган.
Шунингдек, Қарши ҳамда Шаҳрисабз шаҳарларидаги Абу Али Ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларида 120 нафар ўқувчи- ёш немис тилига ўқитилмоқда. Бугунги кунга қадар уларнинг 32 нафари А2, 26 нафари В1 ўзлаштириш кўрсаткичини қайд этишга улгурган.
– Бундан ташқари, Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан ёшларнинг хорижий тилларни бепул ўрганиши учун ташкил этилган “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси, жумладан, “Ibrat Academy” мобиль иловасининг Қашқадарё вилоятида кенг тарғиботи ҳар бир маҳалла ёшлар етакчилари томонидан амалга оширилмоқда, – деди вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси раҳбари Улуғбек Султонов. – Вилоят бўйича бугунги кунга қадар “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси доирасида 105 минг 509 нафар ёш 22 та хорижий тилни ўрганмоқда. Ушбу ёшлар томонидан 2 минг 219 та тил билиш сертификати қўлга киритилган. Жорий йилнинг якунига қадар “Ibrat academy” иловасидан рўйхатдан ўтган ёшлар сонини 150 минг нафардан ошириш режалаштирилган.
Шундан сўнг тумандаги Буюк Карвон маҳалласида фаолият бошлаган ёш мебел устаси Жамшид Назаров фаолияти билан танишилди.
Эндигина 24 ёшни қарши олган тадбиркор йигит ўтган йили маҳалла ёшлар етакчисининг кўмаги билан 33 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи эвазига мебел ишлаб чиқариш цехини очган.
– Айни пайтда ўн турдан зиёд мебеллар ишлаб чиқаряпмиз, – дейди Ж.Назаров. – Бошида икки нафар тенгдошимни иш билан таъминлаган эдим, ҳозир 5 нафар ишчимиз бор. Ҳозирча ижарада ишлаб турибмиз. Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтиришни режалаштирганмиз. Тўққиз йилдан буён шу иш билан шуғулланаман.
Шундан сўнг Ёнқишлоқ маҳалласида барпо этилган “Workout+streetball” спорт майдончаси билан танишилди. Ушбу майдонча шу маҳаллалик қиз болалар жамоасининг “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг республика босқичида стритбол спорт тури бўйича фахрли иккинчи ўринни қўлга киритгани эвазига республика маблағи ҳисобидан қуриб берилган. Мазкур маҳаллада айни пайтда 1,5 минг нафарга яқин ёш мавжуд. Уюшмаган ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида қурилган майдонча маҳалла ёшларининг севимли масканига айланган.
Кейинги манзил Жарариқ маҳалласи бўлди. Ушбу маҳаллада 37 нафар ишсиз ёш бўлиб, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 20 гектар ер майдони деҳқон хўжалиги сифатида 30 йил муддатга аукцион асосида олиб берилган. Айни ушбу ер майдонларининг 3 гектарига қовун ва қолганига кунгабоқар экилган.
Шу маҳаллалик Бахриддин Комилов ва Оқил Темировлар ҳам шу кунгача ишсиз эди. Маҳалла етакчисининг кўмаги билан улар ҳам аукциондан ер ютиб олишди ва деҳқончилик қилишмоқда. Ерга қовун экишди. Ҳозир қовун палаклари етилиб, ҳосили пишиш арафасида. Ҳадемай бозорга чиқади.
Туманининг Наврўз маҳалласида яшовчи Шоҳмурод Ҳайдаров маҳалла етакчисининг кўмаги билан имтиёзли кредит олиб, қуш боқиш бизнесини йўлга қўйди. Кўчадан юраркансиз, хонадон дарвозасидан бир бош суқмасдан ўтолмайсиз. Бунинг сабаби бор, албатта. Кўчага қадар эшитилиб турадиган қушлар овози сизни ҳам ушбу манзилга чорлайди.
Шоҳмурод Ҳайдаровни қушларнинг ҳақиқий билимдони, дейиш мумкин. Болалигидан қушларга меҳр қўйган бу йигит қуш боқишни аввалига шунчаки қизиқиш сифатида бошлаганди. Бугун ҳовлини тутиб турган қушлар овози кишига завқ, тетиклик бахш этса, Шоҳмурод учун бу доимий машғулот. У қушларни кўпайтириш, турлари сонини ошириш йўлида тинимсиз ҳаракатда. Бугун Шоҳмурод парваришлаётган қушларнинг тури ўндан ортган. Қолаверса, бу иш ортидан яхшигина даромад топиш имкони ҳам яратилган. Кўрсатилган ёрдамлар ва тавсиялар асосида қўшнилари ҳам қуш парваришлашни йўлга қўйгани уни хурсанд қилмоқда.
– Ўзим қуш парваришига ёшлигимдан қизиқаман, – дейди Шоҳмурод Ҳайдаров. – Кейин маҳалла етакчиси, ҳоким ёрдамчиси тавсияси билан кредит маблағи олиб фаолиятимни янада кенгайтирдим. Қушларнинг турларини кўпайтирдим. Кўпайиши учун шароит яратдим. Шукрки, ишларимиз ривожланмоқда. Ҳозирча асосий харидорлар мактабгача таълим муассасалари бўлмоқда. Бундан ташқари, паррандачиликни ривожлантириш мақсадида хонадонимизда инкубатор ҳам ташкил қилиб, ҳозир зотли паррандаларни етиштириш ҳаракатидамиз. Айни пайтда товус тухумидан полапон олишни тажриба қиляпман.
[gallery-17730]
Ҳа, интилганга толе ёр. Бугун ҳаракат қилган, қимирлаган ёш борки, мақсадига етмоқда, орзулари ушалмоқда. Маҳаллаларда фаолият юритаётган етакчилар, ҳоким ёрдамчилари, умуман, маҳалла раиси бошчилигидаги “еттилик” ёшларнинг бу истаклари амалга ошишига кўмаклашмоқда. Аслида ҳам шундай бўлиши керак. Қўлдан берганга қуш тўймайди, дейди доно халқимиз. Қайсидир кўринишдаги бир марталик моддий ёрдамдан кўра, бирор-бир ҳунарни эгаллаш ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашиш ўша ёшнинг кейинги тақдири учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари