“Биродар шаҳарлар – 2026”: биринчи халқаро конференция (+видео)
Тошкент шаҳрида “Биродар шаҳарлар – 2026” биринчи халқаро илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли тадбир биродар шаҳарлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, халқ дипломатияси механизмларини кучайтириш ҳамда халқаро тажриба алмашинувини кенгайтириш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирда 10 дан ортиқ хорижий мамлакатлардан эксперт ва мутахассислар, шаҳар маъмурияти вакиллари, Ўзбекистондаги хорижий давлатлар элчихоналари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек давлат ва жамоат ташкилотлари, олий таълим муассасалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Анжуман доирасида “Биродар шаҳарлар – халқ дипломатиясининг ёрқин намунаси” мавзусида биринчи халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Шунингдек, пленар йиғилиш ва мавзули секцияларда 30 га яқин илмий-амалий маъруза, миллий ҳунармандчилик ҳамда “Ўзбекистоннинг биродар шаҳарлари тарихи” мавзусида архив кўргазмалар ташкил этилди. Анжуманнинг энг муҳим жиҳати ҳамкорлик шартномалари ва биродарлик битимларини имзолаш маросимлари бўлди.
Анжуманда шаҳарлараро ҳамкорликнинг янги босқичини белгиловчи муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан, экологик барқарорлик, рақамли бошқарув, “ақлли шаҳар” концепцияси, ёшлар дипломатияси ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма дастурларни йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди.
Иштирокчилар томонидан биродар шаҳарлар ўртасидаги алоқаларни янада институционал даражага олиб чиқиш, мунтазам форумлар ташкил этиш ҳамда ҳудудлараро тўғридан-тўғри ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилди.
“Биродар шаҳарлар – 2026” биринчи халқаро илмий-амалий анжумани Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги очиқлик сиёсати, халқ дипломатияси, инновацион ҳамкорлик ва ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларининг муҳим амалий ифодаси бўлиб хизмат қилди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/iamiBKSmuHU?si=l2fDs_29zy3mFTPV" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова,
М.Икромова, О.Пардаев (видео),
У.Тўхтаев (монтаж), ЎзА