“Биринчилар” марафони давом этади
Ватанимиз тарихи серқирра ва қизиқарли.
Ватанимиз тарихи серқирра ва қизиқарли. У турли воқеаларга бой. Айниқса, ХIХ аср охири – ХХ аср бошларидаги ўтмишимизда ана шундай ҳодисалар кўплаб юз берган.
Биринчи ўзбек миллий газетаси атиги 72 кун яшагани, ёки биринчи ўзбек Алифбеси яратилганига 117 йил бўлганини биласизми? Биринчи ўзбек рангли фильми ҳақида эшитганмисиз?
Мазкур мақолада ана шундай қизиқарли маълумотлар ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Ўзбeк тилидаги биринчи газeта
Туркистонда вақтли матбуот ва матбаа ишларининг шаклланиши Россия империяси истилосидан кейин юз берди. 1870 йилдан бошлаб Туркистон генерал-губернатори Константин Петрович фон Кауфман буйруғига асосан “Туркестанские ведомости” газетасига илова тариқасида “Туркистон вилоятининг газети” ҳам чоп этила бошланди.
Константин фон Кауфман Петербургдан мазкур газетани нашр этиш учун мусулмон (араб) шрифти келтиришни илтимос қилди. Орадан 6–7 ой ўтгач, Тошкентга бу вақтда ҳали темир йўллар қурилмагани сабабли туяларда мусулмон шрифтлари билан мутахассис ҳарф терувчилар келди ва биринчи ўзбек тилидаги газетанинг нашр этилиши бошланди.
“Туркистон вилоятининг газети”ни ташкил этиш ва ривожлантиришда Туркистон генерал-губернатори таржимони Шоҳимардон Ибрагимов ва генерал-губернаторлик девонхонаси таржимони Муҳаммадҳасан Чанишев жонбозлик кўрсатдилар. Мазкур газетага 1871 йилдан Ш.Ибрагимов, 1883 йил бошларида қисқа муддат М.Чанишев муҳаррирлик қилди. У 1883 йил ўрталаридан 1917 йилгача Николай Остроумов муҳаррирлигида босилди.
Саҳифаларида подшо Россиясининг Туркистондаги мустамлакачилик сиёсати тарғиб қилинган, маҳаллий аҳолини “оқ подшо” ва унинг Туркистондаги амалдорлари амр-фармонларини сўзсиз бажаришга ундалган. Газетада расмий материаллардан ташқари, пахтачилик, ипакчилик ҳақида, фан, техника, адабиёт ва санъатга доир материаллар ҳам эълон қилинган. Фаолияти 1917 йилда тўхтатилган.
“Туркистон вилояти газети” 500–700 нусхада нашр этилган. Унинг нусхалари Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида ва Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивида сақланмоқда.
Биринчи ўзбeк миллий газeтаси
1906 йилнинг 27 июнидан (эски йил ҳисоби бўйича 14 июнидан) Тошкентда чоп этила бошланган жадидлар газетаси – “Тараққий” ўзбек матбуоти тарихида ана шундай ном олди. “Тараққий” том маънодаги миллий нашр ҳисобланади. Унинг ношири ва муҳаррири Исмоил Обидов тошкентлик жадидлар ўртасида “Исмоил Тараққий” номи билан машҳур бўлган.
Мазкур газета саҳифаларида чор Россиясининг Туркистон ўлкасида олиб бораётган мустамлакачилик сиёсатини дадиллик билан фош қилишга қаратилган мақолалар, хабарлар ва маълумотлар бериб борилган.
“Тараққий” газетаси ҳафтасига икки марта чоп этилган. Унда босилган фелетон ва бошқа материалларда танқидий йўналиш, фош қилиш руҳи кучли бўлгани учун у ўша даврнинг энг оммавий нашрига айланган ва жамоатчилик фикрига катта таъсир кўрсатган.
Ўрта Осиё жадидчилик ҳаракатининг йўлбошчиси Мунавварқори Абдурашидхонов, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Сўфизода, ўзбек аёлларидан чиққан биринчи журналист Нозимахоним, Баҳромбек Давлатбеков, Шокир Мухторий, Зариф Холиқий ва бошқаларнинг оммага миллий озодлик, тараққиёт ғояларини тарғиб ва ташвиқ қилувчи асарлари унинг саҳифаларида чоп этилган.
“Тараққий” тутган йўл, газетанинг маслаги ва мақсади, унда чоп этилган асарлардаги ўткир танқидий руҳ мустамлакачи маъмурларга маъқул келмаган. Мазкур газета атиги 72 кун умр кўрган. 19-сони чиққанидан сўнг ёпиб қўйилган. Муҳаррири қамоққа олиниб, газетанинг мол-мулки мусодара қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши “Тараққий” газетасининг биринчи сони чиққан 27 июнь санасини ўзбек журналистларининг касб байрами – “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” сифатида нишонлаш тўғрисида 1993 йилда қарор қабул қилди. Шу йилдан бошлаб бу кун байрам сифатида нишонланмоқда.
Биринчи ўзбeк Алифбeси
Дастлабки савод берадиган китоб кўринишидаги ўқув қўлланмани Алифбе деб атаймиз. Алифбе босма, ёзма ҳарфлар ва улар ифодалайдиган нутқ товушлари, уларнинг ёзилишини ўзлаштиришда қўл келади. У содда бўғин ва сўзларни қўшиб ўқишга ҳам ёрдам беради.
Қадимдан ўлкамиз ҳудудидаги мактабхоналарда алифбе китоби бўлмаган. Унинг ўрнига савод чиқариш учун махсус тахта қўлланилган. Тахтанинг бир томонига тартиб билан араб ҳарфлари, иккинчи томонига эса абжад ёзилган.
Болалар ҳарфларни батамом ёд олгандан сўнг абжадхонликка (бўғинларни қўшиб ўқиш) ва ҳафтиякхонликка (бошланғич мактабда ўқув китоби ҳисобланган “Ҳафтияк”, яъни Қуръондаги сураларнинг еттидан бирини ўрганишга) ўтганлар. Бу усул асосан 1900 йилгача давом этган.
Туркистонда рус-тузем мактабларининг ҳамда янги усулдаги мактабларнинг пайдо бўлиши билан Алифбе дарслиги юзага келди. 1902 йилда рус-тузем мактабларининг ўзбек синфлари учун биринчи ўзбек Алифбеси – “Устози аввал” нашр этилди. Бу алифбенинг муаллифи Саидрасул Саидазизов ҳисобланади. Китоб 1917 йилгача 17 марта нашр этилган.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, Тошкентдаги биринчи рус-тузем мактаби ўқитувчиси Владимир Наливкин 1886 йили рус тилида “Туркистон ўтроқ аҳолисининг рус-тузем мактаблари учун алифбе”ни тузиб, Тошкентда нашр этган. Биринчи ўзбек алифбеси эса ундан ўн олти йил ўтиб чоп этилган.
Биринчи ўзбeк профeссионал цирк труппаси
Муллабой Мансуров ХХ аср бошларида кўчма цирк ва турли томошалар уюштиришда донг таратган эди. Ўзининг ташкилотчилиги ва халқ санъатини яхши билиши туфайли, тарқоқ цирк тўпларини бирлаштиради. Натижада 1903 йилда Тошкентда Европа шаклидаги дастлабки ўзбек цирк труппасини тузди. У Муллабой Мансуров цирки номини олди.
Труппада ака-ука Раҳмон ва Парзин Абдухалиловлар – чиғириқчи ва муаллақчилар, Муҳаммад Хўжаев билан Қодир бола – акробат, Карим Зарипов билан Ортиқ қизиқ – бамбукчи бўлиб, бири 4–5 метрли ёғочни қорнига қўйиб, иккинчиси ўша ёғоч устига чиқиб ўйнаган.
Бундан ташқари Муқиддин Шокиров – “бесуяк”, Кал Шокир – жонглёр, Саид-афғон – қиличбоз, Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Собир қори ва Рафиқ қизиқ – қизиқчилар, Зокиржон Овулов – жарчи, Аширмат ва Кенжабой – сурнайчилик қилиб, циркда 20 дан ортиқ киши ишлаган. Муллабой Мансуровнинг ўзи бошлиқ ва бадиий раҳбар бўлган ҳамда ўргатилган отлар билан манежга чиққан.
1904–1906 йилларда Муллабой Мансуров цирки Туркистон ўлкаси, Бухоро амирлиги, Хива хонлиги, ҳаттоки Шарқий Туркистон шаҳар ва қишлоқларида ўз томошалари билан гастролда бўлган. 1908–1909 йилларда эса цирк яна бир нечта майда тўпларга бўлиниб кетган. Ўзбек цирк артистлари учун Муллабой Мансуров цирки профессионал мактаб вазифасини ўтган.
Биринчи ўзбeк драмаси
Аҳмад Яссавий авлодидан бўлган жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий (1875–1919) 1911 йилда “Падаркуш” драмасини ёзди. Бу биринчи ўзбек драмаси эди.
Уч парда тўрт манзарали бу асар мазмунан содда бўлиб, ўқимаган, жоҳил ва нодон боланинг ўз отасини ўлдиргани ҳақида эди. Дин ва жамоат арбоби Беҳбудий бу асар жанрини “миллий фожиа” деб атаган. Нашр қилишга Чор Россияси цензураси йўл қўймайди. “Бородино жанги ва Русиянинг французлар босқинидан халос бўлишининг 100 йиллик юбилейи санасига бағишланади” деган важ билан Тбилиси цензурасидан ўтказади.
Драма 1913 йилда босилиб чиққан, аммо саҳнага қўйиш учун яна бир йилча вақт кетади. Асар Самарқандда 1914 йилнинг 25 январида саҳнага қўйилди. Драма халққа кучли таъсир кўрсатади. Абдулла Қодирий “Бахтсиз куёв” драмасини шунинг таъсирида ёзгани маълум.
“Падаркуш” ҳам жанр, ҳам мазмунига кўра янги ўзбек адабиётини бошлаб берган асар бўлди. Драма Тошкентда 1914 йил 27 февралда Абдулла Авлоний томонидан қайта саҳналаштирилди.
Бироқ бу борадаги бир жиҳат олимлар ўртасида баҳсга сабаб бўлмоқда. Қўқонда яшаб, фаолият кўрсатган татар зиёлиси А.Шагидуллинов 1908 йили тўрақўрғонлик жадид мунаввари Исъҳоқхон Ибрат таклифига кўра, Наманганга келиб, “Матбаайи Исъҳоқия”ни ташкиллашда иштирок этган. Унинг меҳнат ва ижодий фаолияти серқирра бўлиб, 1911 йили “Фалокатзода” номли қисса ва Туркистон тарихида биринчи бор ўзбек тилида “Маҳрамлар” номли 3 пардали драмани ёзиб, 1912 йили “Матбаайи Исъҳоқия”да нашр эттирди.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмаси ҳам айнан шу йилда ёзилган бўлса-да, 1913 йили нашр этилган эди. Биринчи ўзбек миллий драмаси масаласида бу икки драма ва унинг муаллифлари олимлар ўртасида ҳозирги кунга қадар ҳам тортишувларга сабаб бўлиб келмоқда.
Ўзбeк киносидаги биринчиликлар
Биринчи бадиий фильм – “Ўлим минораси”. 1924 йилда режиссёр В. Висковский томонидан яратилган. “Севзапкино” ва “Бухкино” киностудиялари ҳамкорлигида ишланган.
Биринчи детектив фильм – “Ўлим қудуғи”. Фильм сценарий муаллифи ва режиссёри – Н. Кладо (1933). Унда Ўзбекистон халқ артистлари Назира Алиева, Малик Қаюмов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоблари Борий Ҳайдаров, Собир Искандаровлар роль ўйнаган.
Биринчи болалар киноси – “Қилич” (“Машинист бўлмоқчиман”). Актёр ва кинорежиссёр, Ўзбекистон халқ артисти Йўлдош Аъзамовнинг 1935 йилда яратилган биринчи фильми.
Биринчи овозли фильм – “Қасам”. Режиссёр А. Усолтсев томонидан 1937 йилда яратилган. Унда ер-сув ислоҳоти даврида юз берган ҳолатлар баён этилган. Бош роль – Азимни Ўзбекистон халқ артисти Асад Исматов ўйнаган. Лутфихоним Саримсоқова Азимнинг онаси образини гавдалантирган.
Биринчи кинокомедия – “Насриддин Бухорода”. Уруш йиллари Ўзбекистонда яшаган рус режиссёри Яков Протозанов томонидан 1943 йилда тасвирга олинган. Кинооператор – Ўзбекистонда ва Украинада хизмат кўрсатган санъат арбоби Даниил Демутский.
Биринчи болалар овозли киноси – “Пахтаой”. Замонавий эртак жанридаги бу фильм 1952 йилда Комил Ёрматов томонидан суратга олинган. Унда пахтадан нима олиниши ҳақидаги илмий далиллар эртак асосида ёритилган. Фильмнинг тасвирий воситалари ўша давр техникасидан ўзиб кетган.
Биринчи рангли фильм – “Амирликнинг емирилиши”. Ўзбекистон халқ артисти Латиф Файзиев томонидан яратилган ушбу фильм 1955 йилда экранга чиқди. Унда Амир Олимхон ролини Аббос Бакиров, тарихчи ролини Ҳошимжон Олимжонов ижро этган.
Биринчи фильм-опера – “Дилором”. Мухтор Ашрафийнинг шу номдаги 1958 йилги операси асосида яратилган. Унинг режиссёри Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Али Ҳайроев.
Биринчи кенг экранли рангли фильм – “Наташахоним”. Режиссёр Латиф Файзиев томонидан 1965 йилда суратга олинган. Унда Ўзбекистон халқ артисти Ўлмас Алихўжаев, Раҳим Пирмуҳамедовлар роль ижро этганлар.
Ўзбeк тeатридаги биринчиликлар
Биринчи мусиқали драма – “Ҳалима”. Миллий мусиқали драма жанри асосчиси Ғулом Зафарий томонидан 1918–1921 йилларда ёзилган. Тўрт пардали.
Биринчи балет пантомима – “Пахта”. Балетмейстер Уста Олим Комилов ва композитор Н. Росланетс томонидан 1933 йилда саҳналаштирилган. Бироқ муваффақиятсиз чиққан.
Биринчи опера – “Бўрон”. Комил Яшин либреттоси асосида Мухтор Ашрафий билан устози Сергей Василенко ҳамкорлигида яратилган мазкур опера илк бор 1939 йил 11 июнда намойиш қилинган.
Биринчи комик опера – “Майсаранинг иши”. Композитор Сулаймон (Соломон) Юдаков томонидан 1959 йилда ёзилган.
Биринчи болалар операси – “Ёрилтош”. Ўзбек халқ эртаги асосида 1967 йилда композитор Собир Бобоев томонидан Шукур Саъдулла билан ҳамкорликда яратилган.
Биринчи оперетта (кичик опера) – “Қувноқ гуноҳкор”. К. Василев ва Энмарк Солиҳов томонидан 1981 йилда Тошкент давлат мусиқали комедия (оперетта) театрида саҳналаштирилган.
Алишер ЭГАМБEРДИЕВ,
Ўзбекистон Миллий университети талабаси.