Бири – қўшимча даромад, иккинчиси – қувват манбаи
Сурхондарё вилоятидаги “Термиз Агро Фиш Экспорт” агрофирмаси раҳбари Нормаҳамат Норхамедов жорий йилда 12 гектар сунъий кўлда балиқчиликни йўлга қўйиб, аҳолини арзон ва сифатли парҳез маҳсулот билан таъминламоқда.
Сурхондарё вилоятидаги “Термиз Агро Фиш Экспорт” агрофирмаси раҳбари Нормаҳамат Норхамедов жорий йилда 12 гектар сунъий кўлда балиқчиликни йўлга қўйиб, аҳолини арзон ва сифатли парҳез маҳсулот билан таъминламоқда.Келгуси йили яна 33 гектар майдонда сунъий кўл барпо этиб, Африка лаққаси ва карп балиқларини етиштиришни мўлжалламоқда. Шунингдек, мамлакатимизда кўпайтирилаётган павловния дарахти кўчатини маҳаллий шароитга мослаштириб, ўстирмоқда. Тез ўсувчан бу дарахтни кўпайтириб, вилоятнинг мебелсозлик саноатини ривожлантириш, ҳунармандларни арзон, пишиқ ва сифатли хомашё билан таъминлашга катта ҳисса қўшаётир. Шифобахш барги, гули ва меваси қайта ишлаш учун фармацевтика корхоналарига етказиб берилади.
Бу ҳали изланувчан тадбиркор рўёбга чиқараётган ишларнинг ҳаммаси эмас. Н.Норхамедов халқимиз орасида ўлмасгул, гултожихўроз номлари билан машҳур амарант ўсимлигининг шифобахш навини парваришлашни ҳам йўлга қўйган. Келгусида Термиз туманидаги балиқчилик сув ҳавзаси ёнидаги фойдаланилмай турган майдонда ноёб ўсимлик плантацияларини яратишни мўлжалламоқда.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, дунёда амарантнинг кўплаб турлари мавжуд бўлиб, ундан турли таомлар тайёрлаш ва табобатда кенг фойдаланилади. Пояси чорвачиликда ўта тўйимли озуқа ҳисобланади. Гултожихўроз уруғи таркибида инсон организми учун зарур оқсил, кальций, темир, магний каби ўндан ортиқ доривор модда бор. Шу боис ўсимлик уруғи бронхит, камқонлик, қандли диабет, буқоқ сингари касалликларни даволашда таъсирчан малҳам бўлади.
Табобат илмининг султони Ибн Сино ҳам ўз даврида ўлмасгулдан қизилча, қизамиқ ва бошқа қатор касалликларни, тиғ етказган жароҳат ва яраларни даволашда кенг фойдаланган.