Бир йилда ўн иккита суғурта маҳсулоти
Миллий матбуот марказида «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компаниясининг 2016 йилдаги фаолияти якунлари ва жорий йилдаги вазифаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Миллий матбуот марказида «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компаниясининг 2016 йилдаги фаолияти якунлари ва жорий йилдаги вазифаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.Мамлакатимизда суғурта бозори ривожланаётгани, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти, фуқаролар соғлиғи, уларнинг мол-мулки суғуртаси бўйича хизматлар тармоғи юксалиб бораётгани қайд этилди. Хусусан, «Ўзбекинвест» компанияси ҳам суғурта хизматлари сифатини яхшилаш, ҳудудий филиаллар ва бўлимлар ишини фаоллаштириш, кадрлар салоҳиятини ошириш, маҳаллий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, мижозлар талаб ва эҳтиёжларини пухта ўрганишга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасида бир қатор ижобий натижаларга эришмоқда.
2016 йилда компания юридик ва жисмоний шахслар билан 207 мингдан ортиқ суғурта шартномаси имзолаган. Йиғилган суғурта мукофотлари 104 миллиард сўмни, олинган суғурта мажбуриятлари 58,5 триллион сўмни, аҳоли, корхона, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига тўлаб берилган суғурта қопламалари 15 миллиард сўмни ташкил этди.
Мамлакатимизнинг 2016 йилдаги Инвестиция дастурига киритилган 88 лойиҳага 17,5 триллион сўм суғурта ҳимояси тақдим этилди. Юртимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг жаҳон бозорига чиқишида суғурта хизматининг ўз ўрни бор. Компания маҳаллий экспортчилар мулкий манфаатларини комплекс суғурта ҳимояси билан таъминлаш мақсадида 500,8 миллиард сўмлик шартномалар тузган. Шу жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт шартномаларини суғурталаш бўйича қабул қилинган мажбуриятлар 263,5 миллиард сўмни ташкил этди.
– Янги суғурта маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва мавжудларини такомиллаштириш доимий эътиборда, – дейди компаниянинг янги суғурта маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳамда услубият департаменти бош менежери С.Мирзаев. – Ўтган йили 12 та янги суғурта маҳсулоти ишлаб чиқилди, мижозлар талаб ва эҳтиёжи асосида намунавий суғурта шартномаларининг 56 тасига ўзгартиришлар киритилди. Икки юз ўндан зиёд шартнома модернизация қилинди.
Компания қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар, экспортчи тадбиркорлар билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйган. Тадбиркорлик субъектлари, хусусан, мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга суғурта ҳимоясини тақдим этиш мақсадида тўртта янги суғурта маҳсулоти ишлаб чиқилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларнинг тадбиркорлик қалтисликларини суғурталаш, мева-сабзавот, қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини ташишни, музлатгич камерада сақланаётган мол-мулкни суғурталаш шулар сирасидандир.
Матбуот анжуманида мажбурий ва ихтиёрий суғурта турлари, тадбиркорларнинг суғурта маданияти даражасини ошириш ва компания фаолияти очиқлигини таъминлашга доир саволларга жавоб берилди.