Бир ҳафтада ҳал этилиши ваъда қилинган муаммо ечимини кутмоқда
Бир мурожаат изидан
Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғнида яшовчи аҳоли 50 метр жойга пиёдалар йўлакчаси қуриш, катта автомобиль йўли асфальтига пиёдалар ўтиши учун чизиқ(зебра) чизиб беришни сўраб мурожаат қилмаган идораси қолмаган. Аҳолининг ушбу муаммосини ўрганиш учун маҳаллага бордик, аҳолининг гапларига қулоқ тутдик.
– “Истиқлол” маҳалласида яшайман, – дейди меҳнат фахрийси Раҳматилла Саримсоқов. – Мана шу аҳоли қатнайверишидан юзага келган тупроқ йўлакча маҳалладан бошланиб то Жиззах шаҳри – Учтепа посёлкасининг катта автомобиль йўлигача бўлган масофа бор-йўғи 52 метрни ташкил этади. Мен каби қариялар, болалар 300-400 метрдан кўра 50 метрдан юришни маъқул кўради-да. Ёғингарчиликда лой-ботқоқ, иссиқ ҳавода чанг-тупроқ йўлакчамизнинг охири, яъни катта автомобиль йўлида пиёдалар ўтиш жойига “зебра” чизиқлари чизилмаган, “Эҳтиёт бўлинг пиёда!” йўл белгиси ҳам қўйилмаган.
Бу фуқаролар ҳаётини хавф остида қолдирмоқда. Шу жойдан пиёдалар учун йўлакча қилиб, тунги ёритгичлар ўрнатиб, катта йўлдан “зебра” чизиб беришларини сўраб мурожаат қилмаган идорамиз қолмади. Жумладан, Ички ишлар вазири ўринбосари Мавляновнинг туманимиз фуқаролари учун ўтказган сайёр учрашувида шу масалани кўтарганимизда, туманимизнинг собиқ ҳокими Сайфиддин Исмаилов, “Бу вазирга кўтарадиган масала эмас, ўзим 1 ҳафтага қолмай ҳал қилиб бераман!” деб ваъдани бериб, вазиятдан чиқиб кетган эди. Аммо ваъда қилинган бир ҳафтадан 100 талари ўтиб кетди, аҳолининг мурожаати эса амалга ошмай, ваъда ваъдалигича қолиб кетди. Охири ўша туман ҳокими ишдан олинди ҳам. Лекин муаммо ҳал бўлмади.
Бундан ташқари, Президентнинг вилоятдаги ва туманимиздаги Халқ қабулхоналарига 2-3 мартадан мурожаат қилдик, ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ. Ҳар мурожаатимиздан сўнг “Автойўл” ва ГАИ (йўл ҳаракати хавфсизлиги демоқчи)дан келиб, “Қилиб берамиз!” дея ваъдани беришади. Аммо муаммо – муаммолигича қолиб кетаверади.
–Биз мурожаат қилавериб чарчадик, – деди Нортожи опа Ҳайдарова. – Лекин раҳбарлар ваъда беришдан чарчамаяпти. Пиёдалар йўлакчаси, тунги ёритгичлар ва катта йўлда пиёдалар ўтиш чизиғи (зебрси) бўлмагани туфайли, 2 сотихли котежда яшайдиган бир аёлни мана шу катта автомобиль йўлида қизи билан қўшиб машина уриб кетди. Ўзи ўлди. Қизи эса бир умрга ногирон бўлиб қолди. Турмуш ўртоғи қизчасини олиб, “Бунақа фуқаролар хавфсизлигига бефарқ бўлинаётган маҳаллада яшамайман” деб уйини ҳам ташлаб, қишлоғига кетиворди. Яна уч кишини ҳам машина айнан шу автойўлда уриб кетди, улар Худо деган эканми, даволаниб чиқди. Мана шугина жойга йўлакча қуриб, тунги ёритгичлар қўйиш, “зебра” чизишга катта маблағ кетмаса керак.
– Олти йилдан буён ҳал бўлмаган муаммомиз энди умуман ҳал бўлмаса керак, – дейди маҳалла фуқароси Гавҳар Рўзметова. – Чунки Жиззах – Учтепа катта автомобиль йўли ўртасидан темир тўсиқлар тортилиб, пиёдалар ўтиши учун махсус жой ҳам қўйилмади. Энди пиёдалар ўтишини англатувчи чизиқлар ҳам тортиб бўлмайди, деб туриб олишса ажаб эмас. Аёллар, болалар, қариялар темир тўсиқдан ошиб ўтиб, ўз ҳаётига баттар хавфга қўймоқда. Қизларимиз фабрикада тунги “смена”да ишлайди. Ярим тунда фабрика автобуси катта йўлга тушириб кетади. Тунда ухламай, қизларимизни кўчада юрак ҳовучлаб кутиб ўтирамиз. Биринчидан бу ерда чиябўри(шақол)лар бор, шу ерлдарда санғиб юради, туни билан уввуллаб чиқади. Чироқ қўйилса шулар кетади. Тунов куни қизларимизни кутгани чиқиб турсак, 2 та қиз қий-қийлаб, қочиб келяпти. Орқасидан бир нечта безори болалар қувяпти, уларнинг бақир-чақиридан 3-4 та қўшни эркаклар югуриб чиққандан сўнг ҳалиги безорилар қочиб кетди.
Наҳотки йўлакча қилиб, чироқлар қўйиб, темир тўсиқни озгина жойини очиб, “зебра” тортиб бериш шунчалик қиммат бўлса?
– Мен маҳалладаги намунавий уйларда яшайман, – дейди Лола Йўлдошева. – Ишонсангиз уйларимизда канализация йўқ. Ёз фаслида ҳам биз эшик-тешикни ёпиб, димиқиб уйда ўтирамиз. Чунки оқава сувлар учун канализация қилинмаган, уларнинг ҳидига чидаб бўлмайди. Бизни уйларимиз қурилганига кўп йиллар бўлган, лекин яқинда кейинги маҳаллага қўшиб қурилган 2 сотихли уйларда ҳам марказий канализация йўқ, қилинмаган. Узоқ йиллардан буён ҳал бўлмай келаётган йўлакча қуриш масаласига келсак уни ўзимиз ҳашар йўли билан бартараф этмоқчи эдик. Кимдир цемент, кимдир столба, бошқаси чироқ ва ҳоказолар учун маблағ йиғадиган бўлдик. Бироқ катта йўлга Темир тўсиқ қўйилгач бу режамиз ҳам тўхтаб қолди. Чунки темир тўсиқни ўзимизча бузиб, “зебра” торта олмаймиз.
[gallery-7469]
Фуқароларнинг мурожаатларини биз билан бирга тинглаб турган, “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдунаби Мирзақуловга юзландик.
– Сизлар келишингиздан 10-15 дақиқа аввал Раҳматилла ака Саримсоқов телефон қилиб менга шу муаммони айтди, – дейди МФЙ раиси Абдунаби Мирзақулов. – Бир неча кун муқаддам ниҳоясига етган маҳалла сайловида ютиб чиқиб, шу маҳаллага раис этиб сайландим. Фуқароларни мурожаатини сизлар билан бирга тингладим. Бу ерда пиёдалар йўлакчаси, тунги ёритгич, катта автойўлга пиёдалар чизиқлари тортиш тўғрисидаги масалалар аҳоли томонидан кўтарилмоқда. Аммо лойиҳада айнан шу ердан пиёдалар йўлакчаси қурилиши кераклиги лойиҳада бор йўқлигидан ҳали бехабарман. Шу сабаб ҳозир фуқароларимизнинг бу саволларига аниқ бирор жавоб айтишим қийин. Лекин аҳолимизнинг мурожаатини тинглаб, улар кўтараётган муаммони бартараф этиш чораларини кўрамиз.
“Истиқлол” маҳалласини айланиб чиққанимизда бирор кўчанинг икки томонида ёғингарчиликда сув юриши учун латоклар ҳам, бирор кўчада тунги ёритгичлар ҳам ўрнатилмаганига гувоҳ бўлдик. Шу кунлардаги кучли ёғингарчиликларда ёмғир-жала сувлари тўғри аҳоли хонадонларига кириб кетган бўлса ажаб эмас.
Ушбу маҳаллани бунёд этаётганда масъулларнинг масъулиятсизлиги оқибатида мана шундай аҳолини қийнаётган муаммолар келиб чиқмоқда. Ўша вақтдаги раҳбарларнинг масъулиятсизлиги оқибатида юзага келган муаммоларни бугунги мутасаддилар албатта ҳал қилишига ишонамиз. Зеро, аҳоли мурожаатларини ўрганиш ва муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш ҳар бир раҳбарнинг энг муҳим вазифаси ҳисобланади.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат) ЎзА