Биологик усул – сифатли маҳсулот гарови
Сабзавот, полиз ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларини кимёвий оксик моддалар ишлатмасдан етиштириш атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш ва аҳоли саломатлигини таъминлашда қўл келади.
Сабзавот, полиз ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларини кимёвий оксик моддалар ишлатмасдан етиштириш атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш ва аҳоли саломатлигини таъминлашда қўл келади.БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотига кўра, дунёда қишлоқ хўжалик экинларини ҳимоя қилиш соҳасида катта ютуқларга эришилганига қарамасдан, ҳар йили зараркунандалар ва турли касалликлар таъсирида ҳосилнинг 30-35 фоизи нобуд бўлмоқда. Бундай зараркунандаларнинг 120 мингдан ортиқ тури мавжуд. Биргина сабзавот экинларида зарарли организмларнинг юзлаб тури учрайди. Жумладан, тунлам, ўсимлик бити, оққанот, ўргимчаксимонлар ашаддий зараркунандалар бўлиб, агарда ғўза тунлами билан зарарланса ҳосилнинг 50-60 фоизи, оққанот ёки ўргимчаккана билан зарарланганда 15-20 фоизи йўқотилади.
Об-ҳавонинг тез-тез ўзгариши туфайли мевали дарахтларга, сабзавот экинларига шира тушаётгани кузатилмоқда. Шундай ҳолларда мутахассислар олтинкўз энтомофаги личинкаларини 500 донадан тарқатишни маслаҳат бермоқда. Бир дона олтинкўз личинкаси кунига 50-60 дона ширани йўқотади. Агар томорқангизда кемирувчи қуртлар помидор, бодринг, ловия, мош, карам каби экинларга зарар етказаётганини аниқласангиз, улар учун 500-1000 дона паразит бракон тарқатиш кифоя. Унинг биттаси кунига 50-60 донагача тунлам қуртларини зарарлайди.
Ўзбекистонда шаклланган анъанавий сабзавотчилик ва боғдорчилик маданияти маҳаллий ўғитлардан фойдаланишни кўзда тутадиган деҳқончилик усулларига асосланган. Бу мазали таъм ва истеъмол хусусиятларига эга бўлган экологик тоза мева-сабзавот етиштириш имконини беради.
Ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқиш технологияси ривожланиб, уларни қўллаш ҳажми йил сайин ортмоқда. Хусусан, Ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот марказида қишлоқ хўжалик экинлари зараркунандаларига қарши олтинкўз, бракон ва трихограмма энтомофагларини лаборатория шароитида кўпайтириш технологиялари устида илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.
– Уйғунлашган кураш тизимини қўллаш экологик тоза маҳсулотлар етиштиришда қўл келади, – дейди марказ мутахассиси Азимжон Анорбоев. – Ўзбекистон биологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва қўллашда дунёда етакчи ҳисобланади. Етиштирлаётган мева-сабзавотларнинг 90 фоиздан ортиғи биологик усул ёрдамида парваришлангани боис жаҳон бозорида уларга талаб ортмоқда.
Ҳозир биомаҳсулотлар қўлланилаётган майдон 2,6 миллион гектардан ошиб, етиштирилаётган ҳосил сифати ва ҳажми ортмоқда. Биолабораториялар сони ҳам ортиб, улар қўшимча ускуналар билан таъминланмоқда. Ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш йўналишида олиб борилаётган тадқиқотлар қишлоқ хўжалигида кенг қўлланилиб, ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Мисол учун, ғўза зараркунандаларига қарши уйғунлашган кураш тизими яратилди. Бунда биологик ҳимоя усули етакчи бўлиб, биологик мувозанатни сақлаш, биохилма-хилликни тиклашга эришилади.
Марказда биология фанлари доктори, профессор Хўжамурод Кимсанбоев, биология фанлари номзоди Абдуқаҳҳор Қодиров иссиқхона оққаноти кушандаси энкарзияни лаборатория шароитида кўпайтириш ва қўллаш технологияларини яратган бўлса, профессор Ботиржон Сулаймонов асос солган энтомофагларни кўпайтиришнинг истиқболли ускуналаридан вилоятларда кенг фойдаланилмоқда. Ушбу тежамкор ускуналар ишчи кучини икки баробар камайтириш имконини беради.
Ушбу марказда биолаборатория мутахассислари малакаси мунтазам оширилиб, иқтидорли талабаларни жалб қилиш учун махсус ўқувлар ташкил этилмоқда. Бу ерда трихограмма, бракон, олтинкўз каби энтомофаглар кўпайтирилиб, саккиз юздан ортиқ биолаборатория ҳамда дехқон ва фермерларга бирламчи биомаҳсулот етказиб бермоқда.
Марказда ғўзанинг барча, сабзавот экинларининг асосий зараркунандаларига қарши такомиллашган кураш усулларини ишлаб чиқиш ҳамда макролофус ва энкарзия энтомофагларини лаборатория шароитида кўпайтиришни жорий қилиш борасида илмий изланишлар давом этмоқда.
Мухтасар айтганда, олимларимиз ишлаб чиққан илмий тавсиялар зараркунандаларнинг қишлоқ хўжалигига етказадиган зарарини камайтириш, ўсимликларни ҳимоя қилишга кетадиган сарф-харажатларни қисқартириш ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга қўмаклашмоқда.