Биллур шудринг товланган тонглар
Субҳидам. Атрофда ажиб бир сокинлик ҳукмрон. Қушларнинг хонишию енгил шабада кўнгилга ҳузурбахш этади. Сахий қуёш нуридан барглардаги шудринг биллурдек жилоланиб кўзни олади.
5 июнь — Халқаро атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни
Субҳидам. Атрофда ажиб бир сокинлик ҳукмрон. Қушларнинг хонишию енгил шабада кўнгилга ҳузурбахш этади. Сахий қуёш нуридан барглардаги шудринг биллурдек жилоланиб кўзни олади. Кўча-кўй тоза-озода, одамлар ҳам, автомашиналар ҳам сийрак. Буни қарангки, табиатнинг бу соф манзараларини коронавирус пандемияси сабаб жорий этилган карантинда ҳис этдик.
Шу ўринда табиатнинг бу беназир сувратини қайси омиллар бизга намоён этди, деган савол туғилиши, табиий. Бунга, биринчи навбатда, юртимизнинг шаҳру қишлоқларида тизимли равишда дезинфекция ишлари олиб борилганини, иккинчидан, йўлларда автомобиллар қатновининг кескин камайиши, ишлаб чиқариш корхоналарида иш суръатининг маълум муддат пасайиши ва атмосферага тарқалувчи турли заҳарли газларнинг миқдори камайганини сабаб сифатида айтиш мумкин. Айни дамда карантин тартибининг аста-секинлик билан юмшатилиши кўз ўнгимизда яна аввалги, дилни хира қиладиган баъзи манзараларни пайдо қилиши эса инсон омилининг табиатга қанчалар салбий таъсир этишини далиллайди.
Олимларнинг дунё мамлакатлари иқтисодиётига сезиларли даражада зиён етказган коронавирус пандемиясининг тобора касалланиб бораётган экологияга фойдали жиҳатлари ҳақида бонг ураётгани бу борадаги жавобсиз саволларга ҳар жиҳатдан асосли жавоб бўлиши аниқ. Пандемия сабаб дунёнинг турли мамлакатларида саноат корхоналарининг вақтинча ёпилиши ва глобал етказиб бериш занжирларининг узилиши баробарида атроф-муҳит билан инсон муносабатларида янги ҳақиқатни юзага келтириб, тоза дунёни кашф этаётгандек, гўё.
Инсон табиатнинг бир қисми.
У ҳамма нарсани табиатдан ўз меҳнати орқали олади. Шу меҳнати билан ўзи билиб-билмай, табиатга салбий таъсир ҳам кўрсатади. Инсон она табиатга қанчалик кучли таъсир қилса, ўз навбатида, табиат ҳам шунчалик акс таъсир этади. Бу эса атроф-муҳитнинг ифлосланиши, турли миқёсдаги фалокатли табиий ҳодисалар, инсон саломатлигининг ёмонлашуви, экологик мувозанатнинг бузилиши, экологик вазиятнинг мураккаблашувига олиб келади. Алалоқибат инсоннинг яшаш шароити тобора қийинлашади. Буни инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатга айлантирган ҳам ўзимиз аслида. Бироқ атроф-муҳит ўзгаргани сари бизни ўраб турган муаммолардан бохабар бўлиш кераклигини унутмаслигимиз лозим.
Табиий офатлар, глобал исиш, ҳавонинг бузилиши сайёрамиз олдида турган муҳим экологик муаммолар эканлигини билганимиз кўйи табиатга шафқатсиз муносабатни тўхтатишимиз жоиз. Бугун ҳар бир соҳага сезиларли таъсир кўрсатган коронавирус пандемияси инсон ва табиат ўртасидаги узвийликнинг ижобий-салбий жиҳатларини ҳам юзага чиқарди. Маълумотларга кўра, юртимизда
15 минг 700 га яқин ҳайвон, 4 минг 500 та олий навли ўсимлик тури учрайди. Жумладан, Тўдакўл ва Айдаркўл сув ҳавзалари жойлашган ҳудудлар фитопланктон, зоопланктон, дафна, клоротка каби сувости ўтларига ҳамда Мойина Бентос қатлами микроорганизмларига бой. Шунингдек, ўсимлик дунёсидан қамиш, юлғун, саксовул ва бошқа турдаги ёввойи ўсимликлар ўсаётганлиги кузатилди.
Тўдакўл ва Айдаркўл сув ҳавзалари атрофида ўрдакларнинг барча турлари, ёввойи ғозларнинг учта тури, каклик, қирғовул, икки турдаги баклан, қорабаур, тулки, қуён, бурсуқ, ёввойи чўчқа ва бошқа турдаги ёввойи қушлар ва ҳайвонлар яшайди. Ушбу кўлда асосан оқ амур, зоғора, илонбалиқ, икки турдаги дўнгпешона, лаққа, оқча, тобон, вобла ҳамда оқсла(судак) каби балиқлар мавжуд.
Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мутахассиси Зубайда Душанованинг маълум қилишича, коронавирус пандемияси туфайли мамлакатимизда жорий қилинган карантин даврида антропоген омиллар таъсири камайган. Вилоят ҳудудида табиий сув ҳавзалари суви инсоният томонидан ифлосланиши камайиши кузатилган. Натижада ўсимлик ва ҳайвонот оламининг яхшиланишига, жумладан, табиий сув ҳавзаларида, сув остида ўсадиган йигирмадан ортиқ турдаги ўтлар ва балиқ турлари кўпайган.
...Мактабда ўқитувчимиз географиядан Орол денгизининг аввалги, ҳозирги ҳолати, унинг қуриб бораётгани ҳақида тушунтириш бергани кечагидек эсимда. Мана, йигирма йил ўтиб, Орол денгизининг қуриши минтақанинг энг долзарб муаммоларидан бирига айланди. Иқлим ўзгаришлари, барқарор музликларнинг эриши, тоза ичимлик сувининг тобора камайиб бораётгани, айни пайтда дунёда неча минглаб одамлар сувсизликдан азият чекаётгани ва бу кўрсаткич тобора ортиб бораётгани ҳақидаги хабарлар кунда қулоғимизга чалинади. Сувнинг ҳар томчиси ҳаёт дегани. Биргина шу муаммо атрофида фикрлашиш, инсониятнинг хато-камчиликлари очиқланишига сабаб бўлади.
Ота-боболаримиз ҳар бир ишда ҳикмат бор, деб бежиз айтишмаган. Аслида бу ҳикматнинг мағзини чақиш ўзимизга боғлиқ. Айни дамда коронавирус пандемияси бизни ўраб турган борлиққа дўстона муносабатда бўлишдек ҳикматни яна бир бор қалбимизга солгани рост. Унинг соясида ҳар тонг ажиб сокинлик, қушлар хонишию енгил шабада хуш ёқади. Биллур шудринг жилоси кўзни олади. Тоза-озода кўчалар ёруғ манзиллар, эзгу амалларга, улуғ мақсадларга чорлайди.
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,
«Postda» мухбири.