Билимли ёшлар – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари
Ҳар бир давлатнинг келажак тақдири ҳар томонлама етук, билимли ёшларнинг қўлида.
Шунинг учун ҳам бугунги кунда таълим соҳасига бўлган эътибор долзарб масала бўлиб келмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар маънавиятини юксалтириш мақсадида илгари сурилган беш муҳим ташаббус ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, ёшлар орасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ёшларимизга бўлган эътиборни янада кучайтирмоқда.
Мазкур беш муҳим ташаббусни янада ўқувчилар ўртасида кенг тарғиб қилиш мақсадида Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани 169-умумий ўрта таълим мактабида Шайхонтоҳур туман хокимлиги ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Ёшлар – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбир санъат – гўзаллик тимсоли, спорт – саломатлик гарови, китобхонлик – маънавий баркамоллик гарови каби йўналишларни қамраб олиб, соҳа мутахассислари ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашда нималарга аҳамият бериш кераклиги ҳақида тушунча, маслаҳатлар беришди.
– Турли зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги дунё манзараларида ёшларимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ эканини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди. Шунинг учун ҳам бу каби тадбирларни кенг ташкил этиш муҳимдир. Чунки ўқувчиларни маънан етук, ақлан баркамол, кенг дунёқарашли, энг муҳими жамиятимизга хизмат қиладиган кадр сифатида тарбиялаш учун бу ҳислатлар педагог-муаллимларнинг ўзида мавжуд бўлиши керак, – дейди мактаб директори Гулнозахон Эргашева.
Тадбир якунида барча йўналишлар бўйича фаол иштирок этган иштирокчилар ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Файзулло Яҳёев,
ЎзА