Билимли ёшлар – мамлакатнинг «олтин фонди»...
«Бугун илмий фаолият учун барча эшиклар очиқ. Тадқиқотчилар учун кўпгина қоғозбозлик ишларига барҳам берилган. 1998 йилда Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида «Тижорат банкларининг кредит сиёсатини модернизация қилиш» мавзусида номзодлик диссертациямни ҳимоя қилишда катта қийинчиликларга дуч келганман.
Аввало мавзуни тасдиқлашда, «иқтисодиётни модернизация қилиш» деган жумланинг тўғри ишлатилганлигини шубҳа остига олишган. Илмий раҳбарим билан тўғри, бу ҳозир у қадар муҳим аҳамиятга эга эмас, лекин келгуси асрнинг асосий актуал мавзусига айланади, деб ишонтира олмаганмиз. Қўшни мамлакатга бориб, таниқли давлат арбобининг мазкур йўналишдаги асарини олиб келиб, масъулларга кўрсатганимдан кейингина, тасдиқлашган. Илмий адабиётларнинг камлиги, интернетнинг ривожланмаганлиги ва яна бошқа омиллар сабаб номзодлик диссертациямни ёқлашга 10 йил, докторлик ҳимояси учун 7 йил сарфлаганман. Ҳозирги шароитда бу муддатларни бир неча баробар қисқартириш мумкин».

Ушбу фикрлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджет-солиқ тадқиқотлари институти директори ўринбосари, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Д.Пўлатов томонидан «Илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг узвий боғлиқлиги: тадқиқот босқичлари ва йўналишлари» мавзусидаги семинар-тренингда айтиб ўтилди.
Молия вазирлиги ҳузуридаги Ўқув маркази томонидан ташкил қилинган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Бош илмий котиби профессор. А.Шермуҳамедов, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Илмий ва инновацион лойиҳаларни шакллантириш ва мониторинг қилиш бошқармаси бошлиғи Ш.Отажонов, Инновацион ривожланиш вазирлиги Инсон капиталини ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси Б.Пирматовлар ўз маърузалари билан иштирок этишди.

Молия вазирлиги ҳузуридаги Ўқув маркази директори И.Ҳамидова томонидан таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида ҳам «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да тизимда фаолият олиб бораётган иқтидорли ёшларни ва билимли мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, уларни илм-фанга кенг жалб қилиш ва илмий салоҳиятни ошириш борасида қатор тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Ҳозирда вазирлик марказий аппаратида 15 нафар турли илмий даражага эга бўлган ходимлар фаолият кўрсатиб келмоқда. Уларнинг 2 нафари фан докторлари.

Молия вазирлиги марказий аппарати ва ҳудудий молия органлари видео алоқа тарзда иштирок этган тадбирда илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланиш учун диссертация мавзуларини танлаш ва уларни рўйхатдан ўтказиш тартиби, диссертация ишларига қўйиладиган талаблар, фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларини олиш учун талабгорларга қўйиладиган талаблар, шунингдек илмий-амалий лойиҳаларни тайёрлаш, лойиҳалар танловида иштирок этиш, лойиҳаларни расмийлаштириш ва тақдим этиш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Тадбир якунида иштирокчилар семинар кўтаринки руҳда қизиқарли ўтганлигини ва бундай тадбирлар Молия вазирлигида инсон ресурсларини ривожлантиришга, тизим ходимларининг илмий салоҳиятини оширишга, айниқса ёш мутахассислар орасида илмий фаолиятга қизиқиш уйғотишга ва келгусида вазирлик тизимида илмий даражали кадрлар сафини кенгайтиришга хизмат қилишини айтиб ўтди.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА