“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ДХХ кубоги мусобақалари бошланди
Тошкент вилоятининг 22 та туман ва шаҳарларида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ДХХ кубоги мусобақаларининг туман ва шаҳар босқичларига расман старт берилди.
Мусобақаларнинг тантанали очилиш маросимида Тошкент вилояти Спорт бошқармаси раҳбарияти, вилоят ДХХ ходимлари, Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари, шунингдек, машҳур футболчилар ҳамда фахрий спортчилар иштирок этди. Очилиш маросимида барча иштирокчиларга мусобақа қоидалари, тайминглар ва хавфсизлик талаблари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Мазкур мусобақалар доирасида вилоят бўйлаб жами 883 та маҳаллаларда 883 та катта футбол, 883 та мини футбол (ўғил болалар орасида) ҳамда 88 та қизлар жамоалари шакллантирилди. Шунингдек, иштирокчилар сони ҳам катта эътиборга сазовор бўлди. Катта футболда 14 128 нафар, мини футболда 8 830 нафар ва қизлар ўртасидаги мини футболда 880 нафар ёшлар спорт қоидаларига риоя қилган ҳолда мусобақада қатнашади.

Очилиш маросимида туман ва шаҳарлар масофавий тарзда ҳам иштирок этиб, барча ҳудудларда мусобақаларнинг бир вақтда старт олиши таъминланди. Шу тариқа, ёшларнинг жисмоний тарбия ва спортга қизиқишини ошириш, маҳаллаларда спорт муҳитини ривожлантириш ва ёшлар ўртасида салбий одатларга қарши фаолликни кенгайтиришга қаратилган “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг ДХХ кубоги мусобақалари катта қизиқиш билан бошланди.

Мусобақалар натижалари бўйича ғолиб ва совриндорлар туман ва шаҳар босқичларидан кейин вилоят босқичига йўл олади.
Н. Раҳмонова, ЎзА