«Беш ташаббус ҳаракати»да депутатлар фаол иштирок этди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари О.Тожиев бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар «Беш ташаббус ҳаракати» доирасида Тошкент шаҳридаги ёшлар билан мулоқот қилди.
Учрашувда депутатлар ёшларга сўнгги йилларда парламентнинг қонунчилик ва назорат-таҳлил фаолияти, бу жараёнда фаол ва ташаббускор ёшларни ўз ичига қамраб олган Ёшлар парламенти аъзоларининг иштироки юзасидан маълумот берди.
Хусусан, 2020 йил Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ўртасида палата ҳузурида «Ёшлар парламенти»ни ташкил этиш бўйича битим имзоланганлиги, мазкур тузилма жамиятда ёшларни сиёсий фаол қатламга айлантириш ҳамда уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини амалда бойитиш, қонунчилик ва қонун ижодкорлиги жараёнига ёшларни жалб қилиш ва қабул қилинаётган қонунларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш орқали уларнинг парламент ҳаётига дахлдорлигини оширишга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда Ёшлар парламенти аъзолари Қонунчилик палатасидаги қонун ижодкорлиги жараёнларида фаол иштирок этиб, тенгдошларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, айни пайтда ёшларнинг ҳар томонлама баркамол авлод сифатида вояга етишига тўсқинлик қилаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган қонунчилик ташаббусларини илгари суриб келмоқда.
Бундан ташқари, депутатлар сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган жадал ва изчил ислоҳотлар барча даражадаги давлат органлари қаторида парламентнинг ҳам фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда, бир сўз билан айтганда, депутатлар корпусининг иш фаолияти, Қонунчилик палатасининг турли форматдаги мажлислари оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда тўғридан-тўғри, кенг миқёсда ёритиб келинмоқда.
Ахборот майдонида депутатларнинг иштирокини янада кенгайтириш, парламент аъзоларининг жамиятда ахборот сиёсатини олиб боришдаги фаолиятининг самарали тизимини яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг Қонунчилик палатасида ахборот фаолиятини мувофиқлаштириш ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга масъул бўлган ўринбосари лавозими таъсис этилгани юзасидан маълумот берилди.
Шунингдек, ёшларга парламентда муҳокамадаги ва қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолининг кенг қатламига етказиш, депутатларнинг жамоатчилик билан ўзаро алоқаларини замонавий медиа технологияларини қўллаган ҳолда янги босқичга олиб чиқиш ва ижтимоий тармоқларда фаоллигини таъминлашга хизмат қилувчи Парламент ахборот маркази фаолияти юзасидан тўхталиб ўтилди.
Самимий руҳда ўтган учрашувда ёшлар ҳам депутатларга парламентда муҳокама қилинаётган қонун лойиҳалари ҳамда сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда кенг миқёсда муҳокама қилинаётган долзарб масалаларга парламент аъзоларининг муносабати юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларни берди.