Бельгия: Байрам олдидан нохушлик…
Бельгияда бўлиб ўтадиган машҳур “Tomorrowland” мусиқий фестивалининг асосий саҳнаси кучли ёнғин натижасида тўлиқ вайрон бўлди. Ҳодиса кеча кечқурун содир бўлган, деб ёзмоқда "Euronews".
Ташкилотчилар расмий баёнотига кўра, ҳеч ким жароҳат олмаган ёнғиннинг сабаби ҳозирча номаълум.
Ижтимоий тармоқда тарқалган видео лавҳада саҳна тизими бутунлай аланга остида қолгани кўринган. Маҳаллий GVA нашри ёнғин кечки соат 20:00 атрофида назоратга олинганини ёзди.
Фожиа Бум шаҳрида содир бўлган. Атрофда яшовчиларга хавфсизлик чораси сифатида дераза ва эшикларни ёпиш тавсия этилган. Анжуман меҳмонлари ҳали ҳудудга етиб келмаган, тайёргарлик ишлари давом этаётган эди.
Расмийлар “Фестиваль бекор қилинди” мазмунидаги хабарларни инкор этди. Ҳозирча бу борада сўнгги қарор эълон қилинмаган.
“Tomorrowland” ўтган йил 400 000 дан зиёд иштирокчини тўплаган.
Мусулмон Зиё, ЎзА