Беларусда маиший чиқиндилардан қайта фойдаланиш даражаси 50 фоизга етди
Беларусда қаттиқ маиший чиқиндилардан қайта фойдаланиш даражаси 50 фоизга етди, деб хабар бермоқда "БелТА" ахборот агентлиги.
Ўлкадаги “Мақсад-99” республика ахборот кампанияси координатори Светлана Матскевич таъкидлашича, жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакатда ҳосил бўлган маиший чиқиндиларнинг қарийб ярми қайта фойдаланишга эришилган. Таққослаш учун, 2015 йилда бу кўрсаткич 15 фоиздан сал юқори бўлган.
2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида аҳолидан 380 минг тоннадан ортиқ иккиламчи хомашё йиғилган. Бу аҳоли жон бошига ўртача 42 килограммни ташкил этади. Жумладан, 172 минг тонна қоғоз ва картон, 89 минг тоннага яқин шиша, 67 минг тонна пластмасса, 27 минг тоннадан зиёд эски шиналар ҳамда 18 минг тоннага яқин электрон чиқинди тўпланган.
Маълумотларга кўра, Беларусда ҳар йили 4,7 миллион тонна қаттиқ маиший чиқинди ҳосил бўлади. Бу ҳар бир аҳолига ўртача 500 килограммдан ортиқ чиқинди тўғри келишини англатади. Айниқса, қайта ишлаш қийин бўлган қадоқлаш материаллари ва электрон чиқиндилар улуши ортиб бормоқда.
Айни пайтда мамлакатда 10 та чиқиндини қайта ишлаш заводи, 70 та саралаш линияси ва иккиламчи хомашёни қабул қилувчи 1637 та пункт фаолият юритмоқда. Гомель, Волковиск, Пинск ва Пуховичи ҳудудларида янги қайта ишлаш иншоотлари барпо этилмоқда.
Шунингдек, чиқиндиларнинг органик қисмидан фойдаланиш ва қайта ишланмайдиган материаллардан муқобил ёқилғи (RDF) ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.
А.Маматов, ЎзА