Беларусь Арманистонга расмий нота юборди
Арманистон ва Беларусь муносабати жиддийлашди. Арманистон спикери баёнотидан сўнг Минск Ереванга норозилик билдирди. Икки давлат ўртасидаги ишончга путур етказувчи ушбу вазият қандай ривожланиши савол остида турибди.
Арманистоннинг Беларусдаги муваққат ишлар вакили Артур Саргсян Минскда Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, унга Ереваннинг “нодўстона ҳатти-ҳаракати” юзасидан қатъий норозилик нотаси топширилди.
Бу кескинликка Арманистон парламенти спикери Ален Симоняннинг баёноти сабаб бўлди. Спикер ўз чиқишида Арманистон мустақиллигини ҳимоя қилиш ҳақида гапирар экан, мамлакат “губернияга айланмаслиги, Беларусь каби бошқарилмаслиги керак”лигини таъкидлаган. Бу қиёсга Беларусь томони кескин эътироз билдирди.
Беларусь ТИВ Еревандан янграган бу фикрни ички сиёсий муаммолардан халқ эътиборини чалғитишга қаратилган “арзон популизм” деб баҳолади. Расмий Минск ўз баёнотида Беларусь суверен давлат сифатида Россия билан иттифоқчилик алоқаларини мустақил танлагани, айни стратегик ҳамкорликдан фахрланишини алоҳида қайд этди.
– Ҳеч ким бизга дарс беришига йўл қўймаймиз, – дея таъкидлади Беларусь ташқи сиёсат маҳкамаси. – Минскни ички сиёсий можароларга тортишга уриниш дипломатик одоб-ахлоқ қоидаси қўпол равишда бузилишидир.
Хуллас, воқеа икки давлат ўртасидаги ўзаро ишончга путур етказувчи навбатдаги сиёсий қадам сифатида баҳоланган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА