Бегойим давлат гранти асосида ўқийди
Мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳамда гендер тенглигини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, улар учун янги иш ўринларини яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хотин-қизлар учун олий таълим муассасаларига берилган грант ўринларининг 4 фоизи миқдорида қўшимча давлат гранти ажратилиши хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаётда, жамиятда ўз ўринларини топишлари учун берилган кенг имконият бўлди.
Бу йил ана шундай имтиёз асосида ўқишга кириш учун Андижон вилоятидаги 2 минг 812 нафар эҳтиёжманд, шунингдек, 997 нафар камида 5 йил иш стажига эга бўлган хотин-қизга тавсиянома берилди ва уларнинг маълум қисми турли олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинди.
– Имтиёз менга қанот бағишлади, – дейди Бегойим Абдумўминова. – Тест синовида юқори балл тўплаб, Андижон давлат педагогика институтининг Миллий ғоя ва ҳуқуқий таълим йўналиши бўйича давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндим. Тўплаган балл билан мен контракт асосида ўқишим лозим эди. Лекин Президентимиз томонидан хотин-қизлар учун берилган имтиёз, тавсиянома туфайли энди мен давлат гранти асосида ўқиш имконига эга бўлдим. Бундан нафақат мен, балки бутун оиламиз жуда хурсанд.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари