Байроқдан жило олган кураш яктаги
Ўзбекистон спортчиларининг ғалабаси шарафига жаҳон спорт майдонларида юксалаётган Ватан байроғи ғуруримиз тимсоли ҳисобланади.
Бугун бу ифтихор миллий спортимиз курашнинг либоси сифатида дунё курашчиларини бирлаштириб турганлиги мустақил мамлакатимиз спортининг ўзига хос ютуғи, десак муболаға бўлмайди.

Дунёнинг қайси бир мамлакатида ёки қитъасида ташкил этилаётган чемпионат бўладими, ё Осиё ўйинларими, ҳар қандай кураш мусобақасида спортчилар Ўзбекистон байроғи рангларидан жило олган кураш яктагида беллашади, майдон айланади.
Америка қитъасидан тортиб, Океания қитъасининг энг чекка Янги Зеландия давлатидами, Европа ёки Африка мамлакатларида ўтказилаётган кураш мусобақаларида Ўзбекистон байроғидан жило олган яктакларда ўтказилаётгани, 130 дан ошиқ давлатларда кураш федерациялари фаолият юритаётгани улар учун ҳам Ўзбекистон байроғи ранглари қанчалик қадрли эканини кўришимиз мумкин.

Кураш дунё спортига айланиб, яшил-кўк либосларда шуғулланаётган ёшлар сафи йилдан йилга ортаётгани бетимсол ҳур байроғимиз қадри дунёдаги икки юздан ортиқ давлатларнинг рамзлари орасида нечоғли юксаклигини англатмоқда.
Ишонамизки, кураш ўзбек спорти сифатида Олимпия ўйинлари қаторидаги спорт турларидан бирига айланганда Ўзбекистон байроғидан андоза олинган яшил-кўк кураш яктаклари олимпия майдонларида дунё ёшларининг эгнида бундан-да ёрқинроқ жилоланади.
Т.Рўзиев, ЎзА