Байрамолди ярмаркалари манзур бўлмоқда
Пойтахтимиздаги "Миробод деҳқон бозори". Бозорга кираверишда рамзий маънода қўйилган “Қўқон арава” ва унинг атрофига жойлаштирилган қовун-тарвузларни кўриб, ўзингизни эртаклардаги бозорга тушиб қолгандек ҳис қиласиз.
Пойтахтимиздаги "Миробод деҳқон бозори". Бозорга кираверишда рамзий маънода қўйилган “Қўқон арава” ва унинг атрофига жойлаштирилган қовун-тарвузларни кўриб, ўзингизни эртаклардаги бозорга тушиб қолгандек ҳис қиласиз. Мавжуд 700 растанинг барчаси энг сара қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўла. Бир томонда ёзнинг ширин мевалари, иккинчи тарафда сабзавот, полиз экинлари, картошка, пиёз.Аҳолини сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, бозордаги нархлар барқарорлигини бир меъёрда сақлаш мақсадида ташкил этилган байрам ярмаркаси барчага манзур бўлмоқда. Картошка уч минг, пиёз икки минг сўмдан сотилмоқда, гўштнинг бир неча тури таклиф қилинмоқда.
Фарғона вилояти бозорлар уюшмаси раиси ўринбосари Илҳомжон Тошбоевнинг маълум қилишича, "Миробод деҳқон бозори"даги ярмаркага вилоят фермерлари бириктирилган, уларга сотилган ҳар бир килограмм гўшт учун 30 килограмм арзонлаштирилган омихта ем етказиб бериш йўлга қўйилган. Бу эса маҳсулот таннархи арзон бўлишига хизмат қилмоқда.
Маҳсулотлар ветеринария-санитария экспертиза лабораторияси текширувидан ўтказилгандан сўнг савдога чиқарилмоқда. Бозор ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, тозаликни сақлаш борасидаги юмушларни янада жонлантириш учун жамоатчилик назоратчилари ишлаб турибди. Тумандаги маҳалла оқсоқоллари жадвал асосида кундалик нарх-наво ва озодаликни назорат қилиб, харидор ва сотувчи муносабатини кузатиб бормоқда.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги барча йирик шаҳар ва туман марказларида ҳам кенг турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг байрамолди ярмаркалари давом этмоқда.