Байрамолди харидлари қизғин
Байрам арафасида пойтахтимизнинг барча деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдо ярмаркалари ўтказилмоқда.
Байрам арафасида пойтахтимизнинг барча деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдо ярмаркалари ўтказилмоқда.Байрам дастурхонини озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида “Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмаси томонидан ҳам муайян ишлар амалга оширилаётир.
– Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги элликдан зиёд ҳудудий улгуржи базасида 2015-2016 йиллар қиш-баҳор мавсуми учун 70 минг тоннадан зиёд қишлоқ хўжалик маҳсулотлари захираси жамланди, – дейди уюшма раиси ўринбосари Неъматжон Аҳмаджонов. – Захира маҳсулотлардан 10 минг тоннаси байрам кунларида пойтахтимиз аҳолисига етказиб берилади.
Пойтахтимизда “Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмасига бириктирилган “Наврўз”, “Авиасозлар” деҳқон бозорларида янги павильонлар ўрнатилди. Улар байрамона безатилиб, 20 декабрдан бошлаб Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманлари аҳолиси учун мева-сабзавотлар, консервалар, гуруч, ёрмалар, шакар, қандолат, гўшт, парранда, балиқ, ёғ, сариёғ, маргарин, тухум ва бошқа маҳсулотларнинг арзонлаштирилган ярмарка савдолари ташкил этилди. Бундай ишлар Тошкент шаҳрининг бошқа деҳқон бозорларида ҳам амалга оширилди.
– Байрамолди ярмаркалари барчага манзур бўлмоқда, – дейди олмазорлик Бахтиёр Абдуллаев. – Маҳсулотларнинг ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари ходимлари томонидан текширувдан ўтказилгани эътиборга лойиқ. Бозорларимиздаги нарх-наво барқарор сақланиб тургани тинч, осойишта юртимизда халқимиз учун барча имкониятлар яратилаётганидан далолатдир.
Кенг ассортиментдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминланган шохобчалар Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги йирик шаҳар ва туман марказларидаги байрамолди савдо ярмаркалари, деҳқон бозорларида ҳам ташкил этилган.