Байрам кунларида кексалар ҳолидан хабар олинди
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда. Қутлуғ сана муносабати билан жойларда кекса авлод вакилларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларнинг дуосини олиш ва байрам шукуҳини улашишга қаратилган турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши ташаббуси билан Тошкент шаҳар Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказида «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» шиори остида ўтказилди.
Тадбир доирасида партия вакиллари марказда кексалар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда уларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик билан яқиндан танишди. Кекса авлод вакиллари билан самимий мулоқот ўтказилиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва истаклари тингланди.
Шунингдек, марказ фаолиятини самарали ташкил этишга ўзининг ҳалол меҳнати ва фидойилиги билан муносиб ҳисса қўшиб келаётган ходимларнинг хизматлари алоҳида эътироф этилиб, ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
М.Комилова,
ЎзА