Байрам арафасида 12 йирик объект ишга туширилди
Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирокида мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ҳудудларда умумий қиймати қарийб 50 триллион сўмлик 163 янги объектни ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда давлатимиз раҳбари ҳудудлардаги студияларга йиғилган кенг жамоатчилик вакилларини, улар орқали бутун халқимизни яқинлашиб келаётган улуғ айём билан табриклади. Шундан сўнг Президентимиз рамзий тугмани босди ва 72 та йирик инвестиция лойиҳаси ҳамда 91 та ижтимоий соҳа объекти фойдаланишга топширилди.
Унда Нукус шаҳридаги янгидан реконструкция қилинган “Турон” ўйингоҳидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев, кенг жамоатчилик вакиллари видеоалоқа орқали иштирок этди.

Байрам арафасида Қорақалпоғистонда ҳам жами 12 объект, шунинг ичида 117 миллиард сўм маблағ ҳисобидан янгидан реконструкция қилинган “Турон” ўйингоҳи, 3,1 триллион сўмлик 200 мегаваттли шамол электр станцияси ва 100 мегаваттли энергия сақлаш тизими, 153 миллиард сўмлик Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академияси, 12 миллион АҚШ долларлик оҳак ишлаб чиқариш заводи, халқаро молия институтлари томонидан молиялаштирилиб, 167,7 миллиард сўм ҳисобидан реконструкция қилинган Манғит сув тозалаш иншооти, Нукус шаҳрида 15 миллион АҚШ долларлик газоблок ишлаб чиқариш корхонаси, Кегейлида 4 миллион АҚШ долларлик ДВП маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси каби объектлар ишга туширилди.

Бундан ташқари, Нукус тумани ҳудудида 60 миллиард сўмлик паррандачилик мажмуаси, Буюк Британиянинг 3,3 миллиард сўмлик Pearson Btec халқаро таълим дастури лойиҳаси, Нукус шаҳрида 21 миллиард сўмлик замонавий хусусий мактаб, Тахиатош туманидаги 8,5 миллиард сўм ҳисобидан янгидан қурилган 23-сонли умумтаълим мактаби, Чимбой туманида 13,4 миллиард сўмлик янги мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.
Албатта, энг улуғ, энг азиз байрам арафасида фойдаланишга топширилган мазкур объектлар аҳоли фаровонлиги йўлида узоқ йиллар давомида хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири