“Бахт” осма кўпригидан ўтганмисиз? (+видео)
Жиззах вилояти Зомин туманидаги “Зомин” туристик рекреацион зонасида кўплаб янги объектлар қатори 84 миллиард сўмлик осма кўприк, 128 ўринли ресторан, 25 ўринли кафе-павильон ва ёшларнинг никоҳ маросимларини ўтказишлари учун муҳташам “Бахт уйи” қурилиб фойдаланишга топширилди.
Денгиз сатҳидан 2800 метр баландликдаги “Суффа плато”сидаги пиёдалар ўтиши учун мўлжалланган Ўзбекистондаги энг узун ва энг баланд осма кўприкдан ўтган бир ярим ой давомида минглаб сайёҳлар ўтди. Шундай осмон кўприги Наманган вилояти Поп туманининг “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, унинг узунлиги 170, баландлиги 80 метрни ташкил этади.
Узунлиги, баландлиги ва энг муҳими хавфсизлиги бўйича рекордни янгилаган мазкур осма кўприк бугун юртдошларимиздан ташқари хорижлик сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу эса экотуризмнинг ривожланишида муҳим ўрин тутади.
– “Бахт” осма кўприги номини олган ушбу объект 2023 йилнинг 27 декабрь куни фойдаланишга топширилди, – дейди ушбу комплекс иш бошқарувчиси Жавоҳир Баҳриддинов. – Маҳаллий халқ тилида “ойна кўприк” деб аталувчи ушбу объектнинг узунлиги 310 метр, баландлиги, пастдан, муз тагида оқиб турган сойдан 150 метрни, пиллапояларнинг пастки эни 1 метр 50, юқори икки томондан тортилган тросларнинг эни эса 1 метр 90 сантиметрни ташкил этади. Осма кўприкдан бир вақтнинг ўзида 600 киши бемалол ўтиши мумкин. Кўприкнинг ён, паст ва тепа томонидан тортилган трослар ўрнатилган устунлар билан жуда ҳам мустаҳкам қилиб маҳкамланган. Қурилма Швейцариянинг “Fatzer AG” компанияси ускуналари асосида барпо этилган. Мазкур пиёдалар осма кўприги жаҳон стандарти талабларига тўла жавоб бериб, пиёдаларнинг хавфсизлиги 100 фоиз кафолатланади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/hQmVWFsMTB4" title="" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Шунингдек, ушбу “Бахт” осма кўприги ҳудудида туман адлия бўлимига қарашли “Бахт уйи” ҳам фаолият юритмоқда. Турмуш қураётган маҳаллий ёшларимиз бу ерга келиб, никоҳни қайд этмоқда. Шунингдек, ушбу ҳудудда бир вақтнинг ўзида 128 нафар меҳмонга хизмат кўрсатишга мўлжалланган, миллий ва Европа таомлари тайёрланадиган ресторан, кўприкнинг нариги томонида эса 25 ўринли кафе-павильон ҳам ишлаб турибди. Энг қувонарлиси, “Бахт” осма кўприги атрофидаги қўшимча объектларда ишлаётганлар билан қўшиб ҳисоблаганда, жами 50 нафар ёш йигит-қизнинг бандлиги таъминланган.
“Бахт” осма кўпригидан ўтиш бир киши учун 25 минг сўм. Кўприк хавфсиз бўлсада ҳар эҳтимолга қарши ўтувчиларнинг хавфсизлиги учун 3-4 нафар назоратчи доимий равишда кўприк устида юриб пиёдалар ҳаракатини кузатиб туради.
– Турмуш ўртоғим билан Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидан “Зомин” санаторийсига дам олгани келганмиз, – дейди сайёҳлардан бири Дилшод Сатторов. – Ушбу осма кўприкни кўриш учун сиҳатгоҳдан дор йўли орқали Суффага чиқиб, скутерда бу ергача келиб кўприкдан ўтдик. Мен Ўзбекистонни ҳамма вилоятларида бўлдим, Ўрта Осиёни кўп жойларига саёҳат қилдим. Бунақа пиёдалар учун мукаммал технологиялар асосида қурилган осма кўприкни бошқа жойларда кўрмаганман. Ўзим ўқитувчиман, умумий технологиядан сабоқ бераман.
[gallery-16238]
Бунақа мустаҳкам, хавфсиз, инновацион технологиялар асосида қурилган пиёдалар осма кўпригини, дор йўлларини қуриш, аввало, юртимиздаги тинчликдан, мамлакатимизнинг қудратидан далолат беради. Ана шундай бунёдкорлик ишларига бош-қош бўлаётган Президентимизга минг раҳмат.
Маълумот ўрнида, 2017 йил Швейцариянинг Вале олис тоғли ҳудудида пиёдалар учун мўлжалланган дунёдаги энг узун осма кўприк ишга тушган. Кўприк ер сиртидан 80 метр баландликдан ўтиб, Грэхен ва Церматт аҳоли пунктларини боғлаб туради. Унинг узунлиги 494 метрни, эни эса 65 сантиметрни ташкил қилади.
Президентимизнинг 2021 йил 6 апрелдаги “Зомин” туристик-рекреацион зонасини ва халқаро умум-мавсумий курортни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони ижроси доирасида келажакда дор йўли қурилишининг кейинги лойиҳаси давом эттирилиши, меҳмонхона, курорт, ресторан, шалъе услубидаги коттежлар бунёд этилиши ва бошқа бир қатор лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.
“Бахт” осма кўприги ёнгинасидан, ушбу комплексга қарашли экстремал спорт турлари билан шуғулланувчи профессионал спортчилар учун махсус қурилма барпо этилмоқда. Яқин кунлар ичида ушбу объект ҳам фойдаланишга топширилса, спорт туризмининг ривожи учун айни муддао бўлади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (видео+сурат), ЎзА.