Бахмаллик Ёқутхон жаҳонда тенгсиз
Пара енгил атлетика бўйича Ҳиндистоннинг Нью-Дели шаҳрида ўтказилган Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган бахмаллик параспортчи Ёқутхон Холбекова нафақат юртимиз, балки бутун дунё диққат эътиборини ўзига қаратди.
У аёллар ўртасидаги Т12 тоифасида узунликка сакраш баҳсларида 5 метру 54 сантиметр узунликка сакраб, барча рақибаларини ортда қолдирди ва Жаҳон чемпиони бўлди.
Бу зафар – ғалаба қозонган фақат бир спортчининг эмас, балки бутун Ўзбекистон спорт мактаби, жисмоний имконияти чекланган бўлса-да, руҳан матонатли ва юксак марраларни кўзлаган инсонларнинг буюк ютуғи сифатида эътироф этилмоқда. Ёқутхоннинг ҳар бир сакраши ортида йиллар давомида тинимсиз машқ, ирода ва меҳнат бор. Бу натижа унинг жорий мавсумдаги энг юқори кўрсаткичи сифатида қайд этилди.

Мусобақа якунида Ўзбекистон байроғи баланд кўтарилиб, Давлат мадҳияси янграган пайтда ёш чемпион кўз ёши тўкиб ғалабасини ўз жамоадошлари ва мураббийлари билан нишонлади. Бу он фақат спорт эмас, миллий ғурур, Ватан севгиси, садоқат ва ўзликни англашнинг тимсоли эди. Унинг ортидан финляндиялик Лида Лоунела 5.28 метр натижа билан кумуш, жазоирлик Ҳамри Линда эса 5.16 метр натижа билан бронза медалига сазовор бўлди.

Ёқутхон Холбекова нафақат Жиззах вилояти, балки Ўзбекистон спорт тарихида ўз номини фахр билан ёзиб қолдирди. Унинг ғалабаси орқали кўплаб ёшлар, айниқса имконияти чекланганлар орасида спортга бўлган иштиёқ ва ишонч янада мустаҳкамланиши аниқ. Бу зафар нафақат бир чемпионатнинг натижаси, балки бутун миллатнинг саъй-ҳаракатлари, ишончи ва имкониятлар тенглигини таъминлашга қаратилган давлат сиёсати самарасининг ёрқин ифодасидир. Бахмал туман ҳокими Азиз Эргашев Ёқутхоннинг ота-онасини ёрқин ғалаба билан самимий қутлади.
А.Қаюмов (видео), ЎзА