Бахмалдаги сел оқибатлари бартараф этилмоқда
Жорий йил 20 апрель куни кучли ёғингарчилик туфайли Жиззах вилоятининг бир қатор тоғли ва тоғолди ҳудудлари қатори Бахмал туманининг баъзи қишлоқ ва маҳаллаларида, жумладан, “Нурафшон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги қишлоқларга сел келиб, фавқулодда ҳолат кузатилди.
Туман ҳокими М.Анарбоев назорати остида сел оқибатларини бартараф этиш юзасидан тузилган махсус гуруҳ аъзолари тошқин талофотларини бартараф этиб, аҳолини хавфсиз ҳудудга кўчириш ишларида фаол иштирок этди.

Туман фавқулодда вазиятлар бўлими маълумотига кўра, сел тошқини содир бўлган куни кучли ёғингарчиликлар натижасида “Нурафшон” МФЙдаги 20 та аҳоли хонадонининг ертўла (подвал) қисмига сув тўлиб қолган ва экин майдонларига жиддий зарар етган. Шунингдек, ушбу ҳудудда жойлашган яна 15 дан ортиқ хонадоннинг ҳовли ва экин майдони қисман зарарланган.

Аҳоли хавфсиз ҳудудга вақтинча эвакуация қилинди. Сўнг уйларнинг ертўлалари, дала майдонлари сувдан тозаланди.

Тумандаги сел келиш хавфи бўлган – “Мўғол”, “Узунбулоқ”, “Сангзор” ҚФЙ, “Новқа”, “Маданият”, “Боғишамол”, “Нурафшон”каби МФЙ аҳолисига сел келиш хавфи пайдо бўлганида қандай чоралар кўриш кераклиги тушунтирилди.


А.Қаюмов, ЎзА