Барчаси соғлом ҳаёт учун
Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах вилояти филиалига республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида пресс-тур ташкил этилди.
Иштирокчиларга дастлаб Президентимизнинг 2022 йил 16 майдаги “Аҳолига наркологик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш фаолиятининг самарадорлигини ошириш юзасидан амалга оширилган ишлар хусусида маълумот берилди.
– Сўнгги йилларда мамлакатимизда наркологик касалликларнинг олдини олиш, ташхислаш ва даволаш, уларга чалинган шахсларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилишни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, — дейди Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах ҳудудий филиали директори Қаҳрамон Мелибоев. — Натижада Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика наркология маркази негизида Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилиб, барча ҳудудларда унинг филиаллари фаолияти йўлга қўйилди ва аҳолига наркологик ёрдам кўрсатиш самарадорлиги оширилди.
Айни кунда маказимизда наркологик беморларни ихтиёрий ва мажбурий даволаш учун қўшимча 10 ўрин ташкил этилди. Шунингдек, Зомин, Шароф Рашидов, Фориш тумани тиббиёт бирлашмалари таркибида мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш туманлараро пунктлари ташкил этилган.
[gallery-13285]
Тадбир давомида наркологик касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш самарадорлигини яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар, замонавий диагностика ва лаборатория ускуналари ҳамда тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш учун яратилган шароитлар билан таништирилди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА