Барчаси инсон қадри учун
Бухоро вилояти 4-сектор ишчи гуруҳи жойларда «Инсон қадри учун» шиори остида аҳоли муаммоларини ўрганиб уларга ечим топиш мақсадида сайёр қабуллар ўтказмоқда.
Ишчи гуруҳининг бу галги сайёр қабули Қоракўл тумани «Дарғали» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтди.
Учрашувда туман ҳокимлиги, халқ қабулхонаси, банк, бандликка кўмаклашиш маркази, халқ таълими, тиббиёт бирлашмаси, туман газ ва электр тармоқлари ва бошқа ташкилотлардан таркиб топган ишчи гуруҳи вакиллари қатнашди. Қабул жараёнида «Темир», «Аёллар» ҳамда «Ёшлар» дафтарлари рўйхатида турган 30 дан ортиқ фуқаролар иштирок этди. 20 га яқин турли мазмундаги иш билан бандлигини таъминлаш, шифохонада ётиб даволанишлари учун ордер ажратиш, куз-қиш мавсумида суюлтирилган газ балонлари билан таъминлаш, шартнома тўловларига кўмаклашиш борасида мурожаатлар тингланди. 10 дан ортиқ йўлланган мурожаатлар шу ернинг ўзида ҳал этилди. Қолган мурожаатлар эса вақт талаб қилганлиги учун тегишлилиги бўйича йўналтирилди. 5 нафар ёшларга сектор ишчи гуруҳи томонидан тадбиркорликни бошлаб, даромад топишлари учун асбоб-ускуналар берилди.

– «Ёшлар дафтари»га киритилганман, – дейди «Дарғали» маҳалла фуқаролари йиғини ҳудудида яшовчи Маҳлиё Бозорқулова. – Тикувчиликка ўқувим бор аммо шахсий тикув машинам йўқлиги сабаб секторга мурожаат қилгандим. Бугун менга замонавий тикув машинаси берилди. Мен бундан хурсандман. Тикув машинасидан самарали фойдаланиб оилавий даромадимга ҳисса қўшмоқчиман.
Ўтказилаётган бу каби сайёр қабуллар инсонларнинг оғирини енгил қилиш ва уларни қийнаётган муаммоларни жойида ҳал этишга хизмат қилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА