Барчаси аҳоли учун
Жойларда ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларининг ташкил этилиши аҳолини бир мақсад йўлида жипслашишга, саховатпеша инсонларни хайрия ишларига ундамоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қошидаги ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказида жамланаётган озиқ-овқат маҳсулотлари, антисептик воситалар, тиббий ниқоб ва бошқа зарур дори-дармонлар эҳтиёжманд оилаларга етказиб берилмоқда.
Коронавирус эпидемияси бўйича эълон қилинган карантин режимига қарамасдан давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аҳолининг кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини, кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жойларда ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларининг ташкил этилиши аҳолини бир мақсад йўлида жипслашишга, саховатпеша инсонларни хайрия ишларига ундамоқда.
– Мазкур марказнинг асосий вазифаси, жисмоний ва юридик шахслар томонидан келтирилган хайрияларни, шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббий ниқоблар, дори-дармон воситаларини қабул қилиш, уларни санитар-гигиеник талабларга мувофиқ кам таъминланган оилаларга етказиб беришдан иборат, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири биринчи ўринбосари Марям Аҳмедова. – Республика махсус комиссияси қарори билан Оролбўйига ажратилган 36,7 тонна ун, макарон, ўсимлик ёғи, картошка, пиёз, шакар каби маҳсулотлар кўнгиллилар томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга етказиб берилди.
Бундан ташқари марказга тадбиркорлардан, корхона, ташкилот ва муассасалар, фуқаролардан 1,5 тонна ун, 2,5 тонна гуруч, 2,4 тонна ўсимлик ёғи, 2 тонна картошка, 2 тонна пиёз, 2110 дона тухум жамғарилди. Бугунги кунга 1464 ёрдамга муҳтож инсондан мурожаат келиб тушди. Шундан 1050 мурожаат эгасига ёрдам кўрсатилди.
–Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази томонидан олиб келинган озиқ-овқат маҳсулотлари 21 та оилага тарқатилди,–дейди Нукус шаҳридаги “Чимбой чойхона” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Наврўзбой Қурбонов. – Бундан ташқари, иккинчи сектор раҳбари томонидан ҳудудимизда озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди. Бундай ярмаркалар тез-тез ўтказиб туриладиган бўлди. Шунингдек, “Халқ банки” мутахассислари томонидан пенсионер ва нафақа олувчиларга нақд нақд пуллар махсус пакетларда уйма-уй юриб ўз эгаларига топширилди. Фуқароларга барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Фақат улар ўз уйларида қолиб фойдали иш билан шуғуллансалар бўлди.
Бундай ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари Оролбўйининг барча туманларида фаолият олиб бормоқда.