Барча таклифлар инобатга олинади
Андижонда “Конституциявий ислоҳотлар – жамият тараққиётига хизмат қилади” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Андижон вилояти кенгаши ташаббуси билан ўтказилган тадбирда партия вилоят Кенгаши аъзолари, ҳудудий кенгашлари раислари, маҳаллий кенгаш депутатлари, партия фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўз олган “Адолат” СДП Андижон вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Малоҳат Мусаева конституциямизнинг жамият ҳаётида тутган ўрни, аҳамияти, барча қонун ҳужжатлари унинг асосига қурилганлиги ҳақида гапирди. Шунингдек, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш асосий вазифаларидан бири бўлган “Адолат” партиясининг конституциямизни янада такомиллаштириш, бугунги кун ислоҳотларига мослаш жараёнида фаол иштирок этаётгани, фуқаролар томонидан билдирилаётган таклиф, фикр ва мулоҳазалар махсус ишчи комиссияга мунтазам тақдим этилаётганлигини таъкидлади.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Конституциясини такомиллаштириш, янада мустаҳкамлаш жараёнида очиқлик, шаффофликни таъминлаш, фуқароларнинг таклиф, фикр ва мулоҳазаларини ўрганиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги эътироф этилди.
– Фуқаролар, партиямиз аъзолари мамлакатимиз Бош қомусига киритиладиган қўшимча ва ўзгаришлар юзасидан ўз таклифларини нафақат почта, балки электрон почта, телеграм каналининг махсус боти орқали ҳам юборишлари мумкин, – дейди “Адолат” СДП Андижон вилояти кенгаши раиси ўринбосари Қосимжон Қаюмов. – Умуман, юрт келажагига, қонунларимизни халқчил ва давр талабига мос бўлишига бефарқ бўлмаган фуқаролар мазкур жараёнда фаол иштирок этиши муҳим. Бу эркин, демократик фуқаролик жамиятини барпо этишимизда муҳим аҳамият касб этади.

Давра суҳбати давомида иштирокчилар партиянинг сайловолди дастуридан келиб чиқиб, ўз таклифларини билдирди. Давлат ва жамият бошқаруви, таълим, тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш борасида билдирилган таклифлар кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланди.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА