Барча хизматлар инсон учун
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида иқтисодиётимиз барқарор ривожланиб, аҳолининг ҳаёт сифати юксалиб бормоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудида барпо этилган замонавий хизмат кўрсатиш шохобчалари, савдо мажмуалари, супермаркету гипермаркетларда бу яққол намоён бўлаётир.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида иқтисодиётимиз барқарор ривожланиб, аҳолининг ҳаёт сифати юксалиб бормоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудида барпо этилган замонавий хизмат кўрсатиш шохобчалари, савдо мажмуалари, супермаркету гипермаркетларда бу яққол намоён бўлаётир.Бундан йигирма-йигирма беш йил аввалги бозорларимиздаги шароит билан ҳозирги бозорлар, замонавий савдо мажмуалари ўртасида жуда катта фарқ бор. Бугун харидорлар учун ҳам, сотувчилар учун ҳам ҳар томонлама қулай шароитлар яратилган. Савдо мажмуалари фаолиятини тартибга солиш ва ривожлантириш, уларни ҳар жиҳатдан сифатли, харидоргир маҳсулотлар билан тўлдириш, ободонлаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Замонавий кўринишда қурилган бозорлару супермаркет, гипермаркетларнинг файзу тароватини кўриб кўнгил тоғдек кўтарилади. Савдо шохобчаларида терминал тармоғи ва онлайн тўловлар жорий қилингани одамларга қўшимча қулайлик яратмоқда.
...Дилбарнинг дам олиш кунида режалаштирган ишлари кўп эди. Гўзаллик салонига кириш, кийим-кечак харид қилиш, болаларни дам олиш майдончаларига олиб бориш... Маҳалласида қад ростлаган савдо мажмуасидаги қулай шароитлар боис у буларнинг барчасига бир кунда улгурди.
– Пойтахтимиз кўркига-кўрк қўшиб турган «Самарқанд дарвоза» савдо мажмуаси замон талабларига тўла жавоб беради, – дейди тошкентлик Дилбар Назарова. – Фарзандларимни бу ердаги болалар майдончасига қўйиб, ўзим гўзаллик салонига, кейин юқори қаватга кийим-кечак харид қилиш учун чиқдим. Харидорлар учун барча шароит муҳайё. Ишларим тез ва осон битганидан кайфиятим кўтарилиб уйга қайтдим. Замонавий аттракционларда мароқ билан ўйнаган болаларимнинг ҳам қувончи чексиз.
Бу ердаги тўкинликни кўриб, ҳавасингиз келади. Қишнинг қаҳратонию ёзнинг жазирамасида ҳам янги узилгандай мева-чевалар териб қўйилган. Маҳсулотлар сифатли ва кафолатланган. Хушмуомала йигит-қизлар ҳар қадамда харидорларга парвона. Истаганча савол беринг, хушмуомалалик билан жавоб қайтаради. Ёш болали мижозларга ҳам шароитлар яратилган. Махсус аравачаларга фарзандини ўтқазиб, бемалол савдо қилаверади.
Ўтган йигирма беш йил мамлакатимизда янгиланиш, ёшариш ва бунёдкорлик даври бўлди. Бугун юртимиз қиёфаси буткул ўзгарди. Шу аснода одамларнинг турмуш тарзи, хусусан, савдо маданияти ривожланди.
Бугун бундай замонавий савдо мажмуалари мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудида аҳолига беминнат хизмат қилмоқда. Супермаркетлардан озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар, совғалар ва бошқа зарур товарларни сотиб олиш мумкин. Замонавий ва шинам кафелар, болалар майдончалари ва ошхонаси, оилавий дам олиш масканлари, оналар ва болалар учун махсус хоналар барчаси замон талаблари даражасида.
– Тез-тез пойтахтимизга келиб тураман, – дейди андижонлик Раҳимберди ота. – Ҳар гал келганимда бир олам ўзгаришлар гувоҳи бўламан. Осмонўпар бинолар, муҳташам супермаркетлар шаҳар қиёфасига ўзгача кўрк бағишламоқда. Бундай замонавий савдо мажмуаларини кўриб, ёшлигим эсимга тушади. Қишлоғимизда битта кичик бозор бўларди. Бозорлик қилишга боришдан олдин уйдагилар тайинлашарди: фалончидан гўшт ол, суяк аралаштирмасдан беради. Фалончидан гуруч ол, тарозиси тўғри. Мўмин бобо ҳалол одам, ундан ёғ, шакар, кўк чой ол. Бугунги супермаркетларда-чи? Дидингиз ва пулингизга қараб хоҳлаганингизни харид қиласиз. Орада барча маҳсулотларга чегирмалар ҳам берилади. Нархлар арзон. Бундай шароитларни телевизорда, киноларда кўрардик. Шундай дориломон кунларни, беминнат шарт-шароитларни яратиб берган Президентимиздан миннатдормиз.
Замонавий савдо мажмуалари аҳолига қулайлик яратиш билан бирга, ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўтган йили Чилонзор туманидаги Дўмбиробод маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежини битирган Камола Исломова ҳудуддаги «Sunday» супермаркетига сотувчи бўлиб ишга кирди.
– Тажрибали сотувчилар ишга киришиб кетишимга ёрдам берди, – дейди Камола. – Шунинг учун қисқа фурсатда жамоада ўз ўрнимни топдим. Ҳамжиҳатлик, ҳалоллик ва тотувлик бор жойда барака бўлади. Айни кунларда бу ерга келувчилар сони ошиб, фаолиятимиз кўлами кенгаймоқда. Супермаркет кафеларида тайёрланаётган мазали таомлар ҳам кўпчиликка манзур. Соғлом она ва бола йили муносабати билан супермаркетнинг болалар ўйнайдиган махсус қаватида «Она ва бола» хонаси ташкил этилган. Унда болаларбоп мультфильмлар намойиш этилмоқда.
Онасини ўйин майдончаси томон етаклаётган ширинтой болакайлар, неварасининг қўлидан ушлаб, маҳсулотлар харид қилаётган бобо-бувилар, фарзандининг қийқириб ўйнашига ҳавас билан боқиб турган бахтли ота-оналар... Уларнинг чеҳрасида бугунги саодатли кунларга шукроналик, эртанги кунга ишонч, ўзаро меҳр-оқибат туйғулари балқиб турибди. Бу аҳоли турмуш даражаси фаровонлашаётганидан, одамларнинг бугуни ва эртасидан рози бўлиб яшаётганидан далолатдир.