Барча ислоҳотлар аҳоли фаровонлиги учун
Президентимиз раислигида жорий йилнинг 8 сентябрь куни ўтказилган тармоқ ва ҳудудларда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ошириш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида 25 та туман ва шаҳарда саноат ҳажми 10 фоиздан кўпайгани таъкидлаб ўтилган эди. Улар орасида тўқимачилик корхоналарини кўпайтириш орқали саноат кўрсаткичини 15 фоиздан оширган Бухоро вилояти Олот тумани ҳам бор.
Олот тумани маъмурий жиҳатдан 38 та маҳалла фуқаролар йиғинига бўлинган. Ҳудудда 106 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Улардан 30 мингдан ортиғи ижтимоий муҳофазага олинган. Расман меҳнат мигранти сифатида 4 мингдан ортиқ олотлик рўйхатга олинган. Айна пайтда ишсиз фуқаролар сони ҳам шунчани ташкил этади. Иқтисодий аҳволи, хонадонлар моддий манфаатдорлигига биноан ажратилган тоифага кўра, маҳаллаларнинг 20 таси “сариқ”, 18 таси “яшил” кўрсаткичга ажратилган. Уйма уй юриб ўрганишлар ва хатловлар натижасида ҳудуддаги Усмоншайх, Ғанчи Чандир, Ўзбекистон, Каттабаёт, Опшоқ, Шайхлар, Давлатбой каби ўнга яқин қишлоқларда ишсизлик даражаси юқори. Шу боис жойларда ташаббускор тадбиркорлар истиқболли лойиҳаларини амалга оширишга эътибор кучайтирилган.


Туманнинг “Халифа” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритаётган “Olot Аsака Tekstil” МЧЖ негизида мато ва тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси барпо этилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида “Асака банк” АЖ Бухоро вилояти филиали томонидан 10,1 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит маблағи ажратилган. Корхонада минг кишини иш билан таъминлаш режалаштирилган. Хориждан олиб келинаётган замонавий ускуналар корхонадаги ишлаб чиқариш жараёни ва кўламини бир неча бараварга оширишга хизмат қилади. Дастлабки босқичда бу саноат субъектида 350 нафар ишчи мутахассис ишли бўлади. Пахта толасини титиш ва саваш, толани тараш, пиликлаш, пилталаш, йигирув ва ўраш бўлимларида иш барқарор ташкил этилмоқда. Яқин ойларда корхона тўлиқ қувват билан иш бошлагач, йилига 6 минг тонна пахтадан жами 5 минг тонна сифатли калава ҳамда ундан сўнг ярим тайёр мато тайёрланади.

Олот туманининг йирик саноат ишлаб чиқариш корхонаси “Мергантекс” МЧЖ қаторида “Олот улгуржи савдо”, “Олот парранда кластер”, “Олот равон транс”, “Жалолиддин продукт”, “Азим Зойир универсал”, “Бобир Нодир муҳандис”, “Адолат автотранс”, “Азия Олот қурилиш”, “Чиғатой транс сервис”, “Равон темир инвест” каби масъулияти чекланган жамиятлари ҳам ўз имкониятларини кенгайтириш, ишлаб чиқариш жараёнини барқарорлаштириш ва маҳсулдорликни ошириш ҳаракатида.

Биргина “Олот Ҳаж Текстиль” МЧЖ негизида қиймати 106,5 миллиард сўмга тенг ун ва ун маҳсулотлари, ҳамда омихта ем ишлаб чиқаришни ташкил этиш ҳисобига 50 нафар маҳаллий аҳоли вакили иш билан таъминланган.

Туманнинг қўшни Туркманистон Республикаси билан чегара ҳудудидаги “Олот” чегара божхона постига яқин масканда ҳам айни кунда транспорт–логистика хизматларини жорий этиш ҳисобидан манфаатли лойиҳалар ишлаб чиқилган. Жумладан, қиймати 20 миллион АҚШ долларига тенг бўлган "Eurasia Transportation and Logistics Company" МЧЖ хусусий корхонаси негизида ташкил этилаётган замонавий логистика маркази бу борада катта даромадли истиқболли лойиҳалардан десак, муболаға бўлмайди. Мазкур лойиҳа бош режасига асосан 2022-2023 йилларда жами 16 та объект қурилиши икки босқичда амалга оширилмоқда.
Биринчи босқичда 457 метр квадрат ҳудудда икки қаватли меҳмонхона, кафе, савдо дўкони ва автомобилларга хизмат кўрсатиш шохобчаси, 18,3 метр квадрат майдонда кириш-назорат пункти 126 метр квадрат ҳудудда тарози, 200 та енгил автомобилга мўлжалланган автотураргоҳ ҳамда битта 18,3 метр квадрат ҳудудда қозонхона қурилмоқда.
Иккинчи босқичда эса 947,3 метр квадрат ҳудудда 2 та маъмурий бино, 6064 квадрат метрли ҳудудда 2 та омборхона, 1 та текшириш ва рентген пункти, 1452 квадрат метрли айвон қурилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, бу манзилда 50 та оғир ва 500 та юк автомобили тураргоҳи, санитария-карантин ҳудуди, ёнғинга қарши насос станцияси қурилиши ҳам кўзда тутилган.
Туманда истиқболли лойиҳалар қаторида “SHOX GOLD TEKSTIL” МЧЖ негизида ип калава ва бўз ишлаб чиқариш цехи фаолиятини эътироф этиш мумкин. Умумий қиймати 17 миллиард сўмга тенг мазкур лойиҳани амалга ошириш мақсадида икки йил аввал 2,2 гектар ер майдони ажратилган. Ишбилармон ўз маблағи эвазига ва корхонага тегишли ускуналар орқали ўтган йил сўнгги чорагида корхона ишга туширилиб, 40 дан ортиқ янги иш ўрни яратилган.
Туманда масъулияти чекланган жамияти шаклидаги "Eurasia Transportation and Logistics Company" хусусий корхонаси томонидан ўтган йил якуни билан тақдим қилинган статистик ҳисоботларга биноан 1,5 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан тўғри инвестиция ўзлаштирилган. Жорий йил якунига кўра, корхона томонидан 2,5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, паррандачилик тармоғида "OLOT PARRANDA KLASTER" МЧЖ негизида умумий қиймати 4 миллиард сўмга тенг лойиҳа амалиётига ўтган йилдан киришилган. Бунинг учун эса нообод жойдан 2,5 гектар ер майдони ажратилган ва бугунга келиб ҳудудда қурилиш ва жиҳозлаш ишлари якунига етказилмоқда. Ташаббускор тадбиркор сармояси асосида амалга оширилаётган лойиҳа жорий йилда ишга туширилади.
– 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 199,6 миллиард сўмга ёки 115 фоизга, хизматлар ҳажми 236,7 миллиард сўмга ёки 109 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 1,1 триллион сўмга ёки 102 фоизга, қурилиш пудрат ишлари ҳажми 304,2 миллиард сўмга ёки 107 фоизга бажарилди, – дейди туман ҳокимининг инвестициялар, саноат ва савдо масалалари бўйича ўринбосари Шерзод Бешимов. – Таҳлиллардан кўринишича, инвестиция дастурига мувофиқ 2022 йилда ҳудудда умумий қиймати 328,4 миллиард сўмлик 40 та лойиҳа қуриб битказилди. Ишга туширилган ва бунинг натижасида 871 янги иш ўрни яратилган. Жорий йилда ҳам ҳудудни ривожлантириш дастурига биноан, умумий қиймати 350 миллиард сўмга тенг бўлган 40 та лойиҳани тўла-тўкис ишга тушириш ҳисобидан 1625 нафар фуқарони иш билан таъминлаш чораси кўрилмоқда. Бу жараёнда ишлаб чиқариш ҳажми 128 миллиард сўмга, экспорт ҳажми 2,6 миллион АҚШ долларига, давлат бюджетига тушум миқдори эса 10,1 миллиард сўмга ошишига эришилмоқда.
Хайрли ташаббуслардан яна бири қайта тикланувчи электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳасидир. Бу борада ҳозирда хорижий инвестор Бирлашган Араб Амирликларининг “Abu Dabi Future Enerry DAJ” (“Masdar”) компанияси билан яқин ҳамкорлик ўрнатилмоқда. Унга кўра туманда қиймати 150 миллион АҚШ долларига тенг бўлган, йиллик қуввати 250 MВт соатга тенг ўзгарувчан ток ва 63 МВт соатга тенг энергия сиғимига эга нур қуёш фотоэлектр станцияси — QFS панелларини ўрнатиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу билан ҳудудда муқобил энергия манбаига эга бўлиш баробарида қўшимча 30 та иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
Хулоса қилиб айтганда, олотлик тадбиркорларга кенг шароит ва имкониятлар яратиб берилаётгани аҳоли моддий манфаатдорлигини ошириш, янги иш ўринларини кўпайтириш орқали одамлар турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири