Барқарор иқтисодиёт гарови
Андижонда “Тадбиркорлик ва фермерлик ривожи – барқарор иқтисодиёт гарови” мавзусида ёшлар форуми бўлиб ўтди.
Андижонда “Тадбиркорлик ва фермерлик ривожи – барқарор иқтисодиёт гарови” мавзусида ёшлар форуми бўлиб ўтди.Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, тижорат банклари мутахассислари, ёш тадбиркор ва фермерлар иштирок этди.
Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, айниқса, фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Форумда “Фермерлик ҳаракатини янада такомиллаштириш ва жадал ривожлантиришнинг ўзига хос жиҳатлари”, “Фермерлик ҳаракати – қишлоқ инфратузилмасини ривожлантиришда ҳал қилувчи етакчи куч”, “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик – мамлакатимиз иқтисодиётининг пойдевори” сингари мавзуларда маърузалар тингланди. Тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатини ривожлантириш борасида яратилаётган қулайлик ва имтиёзлар юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир доирасида “Ёш фермер” кўрик-танловининг Андижон вилояти босқичи ғолиблари тақдирланди.
Избоскан туманидаги “Жонобод чорваси” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Азизбек Даминов биринчи, Балиқчи туманидаги “Бурхон” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Бурхонбек Жабборов иккинчи, Пахтаобод туманидаги “Қайр” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Отабек Қўчқоров учинчи ўринни эгаллаб, танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
– 2007 йилда ташкил этилган хўжалигимизда дастлаб 10 бош қорамол боққанмиз, – дейди танлов ғолиби, “Жонобод чорваси” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Азизбек Даминов. – Бугунги кунда уларнинг сони 200 бошдан ошди. Ўтган даврда банкдан олинган кредитлар ҳисобига хориждан зотдор қорамоллар келтирдик. Хўжалигимиз қошида ташкил этилган сутни қайта ишлаш цехида 6 турдаги сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Асаларичилик, узумчиликни ривожлантиришда ҳам салмоқли ютуқларга эришдик. Бугун танловда ғолиб бўлганимдан жуда хурсандман. Бу биз, фермерларга давлатимиз томонидан яратиб берилаётган улкан имкониятлар самарасидир.