Банк тизимида депозитлар 34 фоизга ошди
Молия тизимида барқарорлик ва аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларининг банкларга бўлган ишончи муҳим кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Бу борада банкларда шаклланаётган депозитлар ҳажмининг ўсиши молиявий ресурслар базаси тобора кенгайиб бораётганидан далолат бермоқда.
Марказий банкнинг маълум қилишича, 2026 йил 1 август ҳолатига Ўзбекистон банк тизими активлари 1 016,6 триллион сўмга етди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 19 фоизга кўп. Бир йил аввал банк тизими активлари 852,4 триллион сўмни ташкил этган эди.
Банкларнинг иқтисодиётни молиялаштиришдаги иштироки ҳам изчил кенгаймоқда. Хусусан, кредит қўйилмалари ҳажми бир йил давомида 576,2 триллион сўмдан 644,6 триллион сўмга етди. Натижада кредит қўйилмалари 12 фоизга ўсиб, иқтисодиётга йўналтирилган маблағлар қарийб 68,4 триллион сўмга кўпайди.
Банк тизимидаги энг юқори ўсиш депозитлар ҳажмида кузатилди. 2026 йил 1 август ҳолатига банклардаги жами депозитлар 482,7 триллион сўмга етган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу санасидаги 360,4 триллион сўмга нисбатан 34 фоизга кўп. Шундай қилиб, бир йил мобайнида банк тизимидаги депозитлар ҳажми 122 триллион сўмдан зиёдга ошган. Депозитларнинг кредитларга нисбатан юқорироқ суръатда ўсиши банкларнинг ички молиявий ресурслар базаси мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
Бу, ўз навбатида, банкларнинг аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларидан жалб қилаётган маблағлари орқали иқтисодиётни молиялаштириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Банк тизимида молиявий барқарорликни таъминлашда капитал етарлилиги ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, банкларнинг жами капитали ҳам ўсишда давом этган. Хусусан, 2026 йил 1 август ҳолатига банк тизимининг жами капитали 150,6 триллион сўмни ташкил этди. Бу бир йил аввалги 127 триллион сўмлик кўрсаткичдан 19 фоизга юқори.
Умуман, банк активлари, кредит қўйилмалари, депозитлар ва капитал ҳажмининг бир вақтнинг ўзида ўсиши молия секторининг ресурс базаси кенгайиб бораётганини кўрсатмоқда.
Айниқса, депозитларнинг 34 фоизга ўсиши банк тизимида ички ресурсларни жалб қилиш имкониятлари ортиб бораётганини англатади. Бу эса келгусида иқтисодиётнинг турли тармоқларини молиялаштириш, тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли учун молиявий хизматлар кўламини кенгайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА