Банк омонатларига 5 фоизлик солиқ солиш таклиф этилмоқда
Фискал таҳлиллар институти банк омонатларидан олинадиган фоиз даромадларини жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортиш бўйича таклиф билан чиқди. Мазкур ташаббус иқтисодчилар, банк мутахассислари ва омонатчилар ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Хўш, таклифнинг мазмун-моҳияти нимадан иборат ва у қандай иқтисодий оқибатларга олиб келиши мумкин?
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Fiscal Dialogue» тадбирида Фискал таҳлиллар институти томонидан жисмоний шахсларнинг банк омонатларидан оладиган фоиз даромадларига ҳам 5 фоизлик жисмоний шахслар даромад солиғини қўллаш таклифи илгари сурилди. Институт мутахассислари банк омонатларидан олинадиган фоиз даромадларини дивидендлар билан бир хил тартибда солиққа тортиш орқали солиқ тизимида бетарафликни таъминлаш мумкинлигини таъкидламоқда.
Ҳозирги кунда мазкур таклиф ҳуқуқий кучга эга эмас. У фақат муҳокама босқичида бўлиб, уни амалга ошириш учун Солиқ кодексига тегишли ўзгартишлар киритилиши ва Қонунчилик палатаси, Сенат томонидан қабул қилиниши талаб этилади.
Амалдаги Солиқ кодексининг 378-моддасига мувофиқ, жисмоний шахсларнинг банк омонатлари бўйича оладиган фоиз даромадлари жисмоний шахслар даромад солиғидан озод этилган. Шу билан бирга, 381-моддага асосан дивидендлар ҳамда айрим турдаги фоиз кўринишидаги даромадларга 5 фоизлик солиқ ставкаси қўлланилади. Фискал таҳлиллар институти эса айнан шу ёндашувни банк омонатлари фоизларига ҳам татбиқ этишни таклиф қилмоқда.
Институт фикрича, банк омонатлари бўйича фоиз даромадларининг солиқдан озод қилиниши 1998 йилдан буён амал қилиб келаётган имтиёз ҳисобланади. Ушбу имтиёзни қайта кўриб чиқиш орқали солиқ тизимида барча инвестиция даромадларига нисбатан ягона ёндашувни шакллантириш ва давлат бюджети даромадларини кенгайтириш мумкин.
Бироқ, бу таклиф ҳозирча расмий қарор эмас ва унинг ижтимоий-иқтисодий таъсири ҳар томонлама ўрганилиши лозим.
Иқтисодчиларнинг бир қисми мазкур ташаббус банк тизими учун айрим хавфларни келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидламоқда.
Биринчидан, кейинги йилларда инфляциянинг пасайиши ва пул-кредит сиёсатидаги ўзгаришлар натижасида банк омонатлари бўйича фоиз ставкалари аввалги йилларга нисбатан пасайди. Агар ушбу даромадлардан яна 5 фоиз солиқ ушланса, омонатчиларнинг реал даромади янада камайиши мумкин.
Иккинчидан, банк депозитлари банклар учун энг муҳим ва барқарор молиялаштириш манбаларидан бири ҳисобланади. Депозитлар ҳажмининг қисқариши иқтисодиёт тармоқларини кредитлаш имкониятларига ҳам маълум даражада таъсир кўрсатиши эҳтимолдан холи эмас.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда нақдсиз ҳисоб-китоблар улушини ошириш, аҳоли маблағларини банк тизими орқали айлантириш ва молиявий воситачиликни кенгайтириш давлат иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Хусусан, 2026 йил 1 апрелдан айрим турдаги товар ва хизматлар учун нақд пулда ҳисоб-китоб қилишга чекловлар жорий этилди. Бу чоралар иқтисодиётда нақд пул айланмасини қисқартириш ва банк тизими орқали амалга ошириладиган операциялар ҳажмини оширишга қаратилган.
Экспертларнинг фикрича, агар омонатлардан олинадиган фоизларга ҳам солиқ жорий этилса, айрим фуқаролар маблағларини банк депозитларида сақлашдан кўра бошқа молиявий инструментларга йўналтириши ёки нақд шаклда сақлашни афзал кўриши мумкин. Бу эса депозит базаси ва банкларнинг ресурс имкониятларига маълум даражада таъсир кўрсатиши эҳтимолини инкор этиб бўлмайди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА