Банк хизматлари кўргазмаси
Фарғонада “BankExpo – 2015” банк технологиялари, асбоб-ускуналари ва хизматлари миллий кўргазмаси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда тижорат банклари, етакчи суғурта компаниялари ўзларининг маҳсулот ва хизматларини намойиш этди.
Фарғонада “BankExpo – 2015” банк технологиялари, асбоб-ускуналари ва хизматлари миллий кўргазмаси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда тижорат банклари, етакчи суғурта компаниялари ўзларининг маҳсулот ва хизматларини намойиш этди.Президентимиз раҳнамолигида иқтисодиётимизни юксалтириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган лойиҳаларни татбиқ этишда банк-молия муассасалари муҳим аҳамият касб этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 26 ноябрда қабул қилинган “2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Мазкур ҳужжат ижроси жараёнида банкларнинг инвестициявий фаоллигини ошириш, мижозлар лойиҳаcини кредитлаш механизмлари, молиявий хизмат кўрсатиш тартиблари такомиллаштирилиб, тизимда замонавий ахборот технологиялари кенг жорий этилмоқда.
Икки кун давом этган тадбирда иштирокчиларга молия-банк тизими ютуқлари, мавжуд имкониятлар, янги хизмат ва технологиялар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, иқтисодиётни ривожлантиришнинг муҳим омили бўлган тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, кредитлар ажратиш борасида вилоят банкларининг имконият ва салоҳияти намойиш этилди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 2014 йилда вилоятда фаолият олиб бораётган тижорат банклари томонидан барча молиялаш манбалари ҳисобидан 600 миллиард сўмдан ортиқ кредитлар ажратилди. Хусусан, касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга 25 миллиард 734 миллион сўм кредит йўналтирилди.
– Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, улар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди ёш тадбиркор Гулноза Исмоилжонова. – Ўтган йили ўз бизнес лойиҳамни кўргазмага тақдим этиб, тадбиркорликни йўлга қўйдим. Бу йил фаолиятимизни янада кенгайтиришни режалаштирганмиз.
Кўргазмада тижорат банклари томонидан вилоятнинг чекка ҳудудларида фаолият юритаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, микрофирмалар, фермер хўжаликлари ҳамда ўз бизнесини бошлаётган таълим муассасалари битирувчиларининг бизнес лойиҳалари бўйича ўтказилган танлов ғолибларига имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.