Бандликни таъминлаш – устувор вазифа
2015 йилда мамлакатимизда 980 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этилди. Бу ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларининг салоҳиятини тўлиқ жалб этиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар юксак самаралар бераётганининг яққол тасдиғидир.
Президентимиз Ислом Каримов мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш соҳасининг юқори суръатлар билан барқарор ўсиши биз учун энг муҳим устувор йўналиш бўлган – аҳоли бандлигини таъминлаш, авваламбор, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини ишга жойлаштириш учун зарур шароитлар яратганини таъкидлади.2015 йилда мамлакатимизда 980 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этилди. Бу ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларининг салоҳиятини тўлиқ жалб этиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар юксак самаралар бераётганининг яққол тасдиғидир.
Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказида ҳам ушбу йўналишда тегишли ишлар амалга оширилаётир.
– Марказда банд бўлмаган аҳолини ишга жойлаштириш, касбга тайёрлаш ва ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича изчил ишлар бажарилмоқда, – дейди марказ директори Нурали Норбоев. – Бу борада аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, биринчи навбатда, кўп болали аёллар, ногиронлар, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўтган йили марказ кўмагида 910 киши иш билан таъминланди. Бу жараёнда марказга мурожаат қилганларнинг маълумоти, иш стажи, касби ҳамда уларнинг истаклари ҳисобга олинмоқда. Масалан, улар Ишсизларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув маркази курсларида бепул ўқимоқда. Бу ерда сартарошлик, тикувчилик, бухгалтер, ошпаз-қандолатчи, иш юритувчи, бўёқчи, электрик, электр ва газ пайвандчи, компьютер ва уяли телефонларни таъмирлаш устаси каби 25 касбга ўқитилмоқда.
Мирзо Улуғбек туманидаги ўнта коллеж билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Тўрт томонлама шартнома тузиш кенг жорий этилаётгани самарасида жорий йилда таълим муассасалари битирувчиларининг аксарияти иш билан таъминланади. Ҳозирча ишга жойлашмаган битирувчилар рўйхати Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказига юборилмоқда. 2015 йилда касб-ҳунар коллежларининг марказга мурожаат қилган 126 битирувчиси ишга жойлаштирилди.
Марказ янги иш ўринларини ташкил қилишга ҳам ҳисса қўшмоқда, давлат ва хусусий корхоналар, ташкилотлар билан бу борада яқин ҳамкорлик қилмоқда. Мирзо Улуғбек тумани Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази маълумотларига қараганда, шу йилнинг дастлабки ойи якунларига кўра, тумандаги 366 ташкилот ва корхонада 1361 бўш иш ўрни мавжуд. Кичик корхона ва микрофирмаларнинг кенгайтирилаётгани, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида фаолият юритаётган фирмалар кўпайиб бораётгани ҳам бу борада ижобий самара бераётир.
Тошкент давлат аграр университетини битирган М.Одилов тўрт йил ичида иш жойини бир неча марта ўзгартирган. Шу вақт давомида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш соҳаси бўйича олий маълумотли муҳандис ўз касби бўйича ишламаган. Бинобарин, ўз билим ва салоҳиятини рўёбга чиқариш имконига эга бўлмаган. Мирзо Улуғбек тумани Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказига мурожаат қилгач, унга бир неча бўш иш ўрни таклиф этилди. Бугунги кунда у ташкилотлардан бирида ўз мутахассислиги бўйича меҳнат қилмоқда.
Иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яратишга доир комплекс чора-тадбирлар ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилаётгани самарасида янги иш ўринлари яратилмоқда, халқимиз фаровонлиги юксалмоқда.