Бандлик ва тадбиркорлик ярмаркаси ташкил этилди
Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туманида “Камбағалликдан фаровонлик сари” ҳаракати доирасида бўш иш ўринлари ва уй шароитида кичик бизнес билан шуғулланиш учун махсус асбоб-ускуналар ярмаркаси ўтказилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, туман ҳокимлиги мутасаддилари, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг қўшимча даромад олишига ва ўз тадбиркорлигини бошлашига кўмаклашиш йўналишида бир қатор амалий чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Сўнгги йилларда аҳолининг юқори даромадли барқарор иш билан бандлигини таъминлаш, ёшларнинг инновацион ва рақамли технологияларга асосланган таълим олиши ва касб-ҳунар ўрганишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Дастур доирасида камбағал оилаларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларининг бандлигини таъминлаш, ўз томорқасидан самарали фойдаланиш, фарзандларининг билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши учун шароитлар яратилмоқда.

Ярмаркада уй шароитида бизнес бошлаш учун зарур техника, асбоб-ускуналар, шунингдек, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож оилалар учун берилган имтиёз ва имкониятлар намойиш этилди. Ишсиз ва ижтимоий реестрга киритилган аҳоли қатлами учун барча имтиёзлар, субсидиялар ва ёрдам турлари тўлиқ тушунтирилди. Уларга мутахассислар томонидан зарур маълумотлар берилиб, имкониятлар кўрсатилди. Бундан ташқари, уй шароитида ўз бизнесини бошлаб, қўшимча даромад олиш ниятида бўлган фуқаролар учун шу жойнинг ўзида махсус асбоб-ускуналар тарқатилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири