Балиқчилик Чинозда етакчи тармоққа айланмоқда
Қарор ва ижро
Тошкент вилоятида балиқчилик соҳасини ривожлантириш, балиқ маҳсулотлари турларини кўпайтириш, мавжуд ҳавзалар имкониятларидан самарали фойдаланиш, интенсив технологиялар асосида балиқ етиштириш ҳажмини кўпайтириш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда.
Ҳозир ҳудуддаги 7,5 минг гектар сунъий ҳамда 3,6 минг гектар табиий сув ҳавзаларида 560 та балиқчилик хўжалики фаолият юритади. Интенсив усулда балиқ етиштириш технологияларини жорий этиш орқали мавжуд сунъий сув ҳавзаларини қайта реконструкция қилиш эвазига балиқ етиштириш 3-4 баробарга ошмоқда. Бундан ташқари, вилоят миқёсида 250 дан ортиқ хонадонда балиқ етиштирилади. . Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан ўтган йили 27 минг тонна балиқ етиштирилди.
Мазкур ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида ОАВ вакиллари учун Чиноз туманига пресс-тур ташкил этилди. Президентимизнинг 2024 йил 9 январдаги “2024 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастури тўғрисида”ги қарори билан Чинозда ҳам айнан балиқчиликда ўзини ўзи банд қилган тадбиркорлик фаолияти давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
– Хусусан, 4 та ташаббускор оилавий тадбиркор хонадонида кооперация асосида сунъий ҳовузлар ташкил қилинди, – дейди Чиноз туман ҳокими ўринбосари Муҳаммаджон Султонов. – Натижада 30 нафарга яқин ишсизнинг бандлиги таъминланди. Бу жараёнда балиқчилик хўжаликлари хонадон эгаларини балиқ етиштириш бўйича ўқитишни ташкил этади, уларга балиқ етиштириш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, балиқ чавоқлари, омихта ем, минерал ўғитларни етказиб беради. Улар томонидан етиштирилган балиқни келишилган нархларда сотиб олади. Бундан ташқари, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида тумандаги Обиҳаёт маҳалласи балиқ етиштиришга ихтисослаштирилган. Бу ердаги 20 дан ортиқ хонадонда балиқ етиштирилмоқда. Шу билан бирга, 50 дан ортиқ хонадонда ярим тайёр (дудланган) балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Пресс-турда журналистлар балиқчилик билан шуғулланаётган оилаларда бўлди. Хусусан, тадбиркор Жаҳонгир Каримов хонадонида 3 йилдан бери кооперация усулида балиқ етиштирилади. У шу билан бирга, яна 14 та хонадон эгалари билан ҳамкорликда Африка лаққа балиғини етиштириб келмоқда.
– Фаолиятимни бошлаганимга кўп бўлмади, – дейди Ж.Каримов. – Етиштираётган Африка лаққа балиқларига ички бозорда талаб юқори. Уни боқиш тўғри йўлга қўйилса, 6 ойда вазнини ошириши мумкин. Бунда сув ҳарорати ва алмашувини доим назорат қилиш керак. Шу каби белгиланган талабларга риоя қилинса, яхши натижага эришиш мумкин. Ички бозорда 1 килограмм Африка балиғи 20 минг сўм бўлиб, ундан тайёрланган таом жуда мазали бўлади. Шунга яраша олаётган даромадимиз ҳам яхши.
Пресс-тур давомида журналистларга “Янги Чиноз балиқ бозори” фаолияти кўрсатилди. Бу ерда балиқ ва балқ маҳсулотлари билан улгуржи ва чакана савдо қилиш мумкин. Бир кунда Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах, Сирдарё, Навоий, Хоразм ва бошқа вилоятлардан мижозлар 10 тоннадан 30 тоннагача балиқ маҳсулотларини харид қилади. Айнан шу манзилдан Республикамизнинг барча ҳудудларидаги савдо нуқталарига балиқ маҳсулотлари етказилади.
[gallery-16169]
А.Мусаев, Д.Эрназаров (сурат), ЎзА мухбирлари