Балиқчилик сердаромад тармоққа айланмоқда
ҚАРОР ВА ИЖРО. Сурхондарёда вилоятидаги табиий ва сунъий кўллардан жорий йилда 5 минг 100 тонна балиқ овланиб, истеъмолчиларга етказиб берилади.
Сурхондарёда вилоятидаги табиий ва сунъий кўллардан жорий йилда 5 минг 100 тонна балиқ овланиб, истеъмолчиларга етказиб берилади.
Мамлакатимизда балиқ етиштиришни ривожлантириш, интенсив замонавий технологияларни жорий этиш ва балиқчилик хўжаликларини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор аҳолининг ана шу турдаги маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондиришда муҳим омил бўлмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 6 ноябрдаги “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳага инновацион ғояларни татбиқ этиш, моддий-техника базани янада мустаҳкамлаш, балиқчилик хўжаликларига имтиёзлар бериш, соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади.
– Қарорда белгилаб берилган имтиёзлар бизни янада кўпроқ изланиб, фаолиятимизни кенгайтиришга ундади, – дейди Термиз туманидаги “Surxon fish agro prom CO” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ш.Раззақов. – Халқимизнинг арзон, сифатли балиқ ва балиқ маҳсулотларига эҳтиёжини тўлароқ қоплаш мақсадида хўжалигимизни янада кенгайтиришни мўлжаллаяпмиз. Балиқчилик кластерини ташкил этамиз.
“Surxon fish agro prom CO” масъулияти чекланган жамиятининг балиқчиликни йўлга қўйганига бир йил бўлди. Дастлаб Орол маҳалласи ҳудудидаги 6 гектар фойдаланилмай турган майдонда интенсив усулда кичик сув ҳавзалари барпо этишга киришилди. 3 гектар майдонда сув ҳавзаларини қуриш учун тижорат банкининг кредит маблағидан фойдаланилди. Хорижнинг ёпиқ сув айланма тизими мосламалари ўрнатилиб, Африка лаққа балиғи чавоқларини парваришлаш йўлга қўйилди. Эрта баҳорда 500 мингта чавоқ ташланди. Айни пайтда иккита ҳовуз ва иккита интенсив кўлда Африка лаққаси, оқ дўнг пешона, карп ва оқ амур балиқлари парваришланмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, Сурхондарё вилоятида ёз мавсумининг бошқа ҳудудларга нисбатан узоқроқ чўзилиши балиқ чавоқларини бир мавсумда етилтириб, товар ҳолатига келтиради. Бунинг учун балиқни фақат белгиланган рацион асосида озиқлантириб, парвариш қилиш керак. Мазкур хўжаликда айнан ана шундай усул қўлланилгани ютуқлар омили бўлди. Дастлабки йилда воҳадаги балиқчилик хўжаликларига 35 миллион сўмлик балиқ чавоғи, истеъмолчиларга 75 миллион сўмликдан ортиқ сифатли балиқ маҳсулоти етказиб берилди.
Хўжаликда олти киши меҳнат қилади. Уларнинг самарали ишлаши учун зарур шароитлар яратилган.

– Ўрта-махсус маълумотли тиббиёт ходимиман, – дейди балиқчи Р.Бердиев. – Лекин болаликдан балиқ парваришига қизиқаман. Уларнинг оҳиста сузишини кузатиб, роҳатланаман. Шунинг учун ҳам касбимни ўзгартириб, бу ерга ишга келдим. Кенг майдон. Меҳнат қилиш учун барча қулайлик бор. Меҳнатга яраша даромад ҳам қилаяпмиз. Энг муҳими одамларни арзон, сифатли маҳсулотимиздан баҳраманд этаяпмиз. Сув ҳавзаларимизда 10 тоннага яқин балиқ бор. Соҳага қаратилаётган эътибор эса бизни кўпроқ изланиб, янгилик яратишга даъват этаётир.
Хўжалик мутасаддиларининг таъкидлашича, бу ерда балиқчилик кластери ташкил этилади, тайёр маҳсулот сақланадиган музлаткич барпо этилади. Озуқа ишлаб чиқарадиган ускуналар ўрнатилиб, инкубация цехи, қайта ишлаш корхонаси қурилади. Ошхона, савдо дўкони аҳоли хизматида бўлади. Балиқ овлаб, ҳордиқ чиқарадиган, сайр қиладиган хушманзара жой бунёд этилиб, экотуризм йўлга қўйилади. Бунинг учун тижорат банкидан 6 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағи олиниши режалаштирилган.
– Балиқчилик кластерларининг уч йил давомида барча солиқлардан озод этилаётгани бизга манзур бўлди, – дейди Шуҳрат Раззақов. – Бу имтиёз қаддимизни тўлиқ тиклаб олишга кўмаклашади. Тежалган маблағ эвазига хўжалигимизни ривожлантириш, янги иш ўринлари барпо этиш имконияти кенгаяди. “Сурхондарёбалиқсаноат” масъулияти чекланган жамиятидан олинган маълумотга кўра, воҳада 320 га яқин балиқчилик хўжалиги бу йил 5 минг 100 тонна балиқ етиштирмоқда. Ҳозиргача истеъмолчиларга 4 минг тоннага яқин парҳезбоп балиқ етказиб берилди.
Вилоятда янги лойиҳаларни ишга тушириб, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар балиқчиликни янада юксалтириб, аҳолини арзон, сифатли балиқ маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилади.