“Baku Energy Week”: Ўзбекистон делегацияси халқаро энергетика мулоқотларида фаол иштирок этмоқда
Жаҳон иқтисодиётида энергия ресурсларига бўлган талабнинг ортиб бориши, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш масалалари халқаро ҳамкорликни янада кучайтиришни тақозо этмоқда.
Шу боис, бугун Боку шаҳрида ўз ишини давом эттираётган “Baku Energy Week - 2026” халқаро энергетика ҳафталиги давлатлар, халқаро ташкилотлар ва йирик энергетика компаниялари ўртасида тажриба алмашиш, инвестициявий имкониятларни муҳокама қилиш ҳамда истиқболли лойиҳаларни илгари суриш учун муҳим мулоқот майдонига айланмоқда.

Таъкидлаш керакки, ҳафталикнинг иккинчи кунги тадбирлари иштирокчиларга энергетика соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, янги технологиялар ҳамда инвестиция лойиҳаларини тақдим этиш имконини яратди.
Ҳафталик доирасида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистон миллий стенди фаолияти билан танишди. Ташриф чоғида унга Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов мамлакатимизда энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда эришилаётган натижалар юзасидан маълумот берди.

Шунингдек, форум ва кўргазмалар доирасида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Хусусан, Туркия Республикаси энергетика ва табиий ресурслар вазири Алпарслан Байрактар, Озарбайжон Республикаси энергетика вазири Парвиз Шаҳбозов ҳамда Жаҳон банкининг энергетика ва қазиб олиш тармоқлари бўйича глобал амалиёт йўналиши менежери Стефани Гил билан музокаралар бўлиб ўтди.
Учрашувлар чоғида энергетика соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларнинг бориши, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда янги ташаббусларни амалга ошириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Томонлар ўзаро шерикликни янада мустаҳкамлаш, энергетика соҳасида тажриба алмашиш ва истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш юзасидан фикр алмашди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, “Baku Energy Week - 2026” халқаро энергетика ҳафталиги доирасидаги учрашув ва музокаралар Ўзбекистоннинг минтақавий ва глобал энергетика жараёнларидаги фаол иштирокини яна бир бор яққол намоён этмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА