Баҳодирнинг ғалабаси –Ўзбекистоннинг тантанаси
Бугун 11 июнь куни эрта тонгда АҚШнинг Верона шаҳрида "Dibella Entertainment" компанияси томонидан профессионал бокс бўйича Олимпиада ва Жаҳон чемпиони Баҳодир Жалолов ва бельгиялик Жек Муловайи ўртасида жанг ташкил этилди.
Жаҳон бокс ихлосмандларининг диққат марказида бўлган мазкур супер-оғир вазн тоифасида ўтган саккиз раундлик жангда ҳамюртимиз Баҳодир Жалолов бельгиялик Жек Муловайига қарши ишончли ва мардонавор ҳаракат қилди.
Илк раундлардаги устунлик, 5-раунддан бошланган зарбалар «дўли» 7-раундда Жекни нокдаунга учрашига олиб келди. Жалоловнинг яққол устунлиги 8-раундда давом этди. Сўнгги дақиқаларда унинг кучли зарбаси фаолияти мобайнида бундай нокаутга учрамаган бельгиялик чарм қўлқоп устасини мувозанатдан чиқарди. Бу эса истеъдодли боксчимизнинг ғалабасини таъминлади,
Айтиш лозим, шу пайтгача Жалолов билан жанг қилган боксчиларнинг биронтаси у билан Жек Муловайи каби 8 раунд жанг ўтказмаганди.
Ушбу ғалаба Баҳодирни профессионал боксдаги янги кўтарилишга олиб келса, ажаб эмас. Бу – ўзбек боксининг жаҳон профессионал рингида ёрқин тантаналари сари ташлаган ишончли ва муҳим қадами бўлди. Ғалаба муборак бўлсин Жалолов!
Тўлқин Рўзиев, ЎзА