Бағрикенглик ва адолат йўлидаги умр (+видео)
Мамлакатимиздаги Қирғиз миллий маданий маркази раиси, ҳаёт йўлини меҳнат, адолат ва инсон қадрига бағишлаган Раҳматилла Жабборов муборак 75 ёшни қарши олади.
У киши оддий меҳнаткаш оилада тарбия топиб, болалигидан ҳалоллик, бағрикенглик ва инсонга яхшилик қилиш ғоялари билан улғайди. Ота-онасидан олган тарбияси унинг бутун ҳаёти ва фаолиятида мустаҳкам тамойилга айланди. Қаерда ишламасин, қайси вазифада бўлмасин, инсон шаънини улуғлаш, адолат билан иш тутишни ўзининг асосий бурчи деб билди.
Раҳматилла Жабборов меҳнат фаолияти давомида турли масъул вазифаларда ишлаб, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшди. Қаҳрамонимиз раҳбарлик — аввало инсон қалбини тушуниш, одамларга ёрдам бериш ва уларни асраш эканини доимо таъкидлаб келади. Инсон хатони билиб ҳам, билмай ҳам қилиши мумкин. Агар билмаса, унга ёрдам бериш, ўргатиш керак, деган ҳаётий қараш унинг бутун фаолиятида акс этиб туради.
Айниқса, миллатлараро тотувлик ва дўстликни мустаҳкамлаш йўлидаги хизматлари алоҳида эътирофга лойиқ. Раҳматилла Жабборов Ўзбекистонни бағрикенг ва кўп миллатли юрт сифатида қадрлайди, турли миллат вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатликни энг катта бойлик деб билади. Шу боис ҳам уни яхши танийдиганлар Раҳматилла Жабборовни халқпарвар, самимий ва доимо одамлар дардига қулоқ тутадиган инсон сифатида ҳурмат қилади.
Бугун 75 ёшни қарши олаётган устознинг ҳаёт тажрибаси, ҳаётий фалсафаси ва инсонпарварликка йўғрилган фикрлари кўпчилик учун ибрат мактаби. У кишининг сермазмун умр йўли меҳнат, бағрикенглик ва Ватанга садоқат намунасидир.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/DqsPdx0HeQc" title="Bagʻrikenglik va adolat yoʻlidagi umr" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова,
Н.Абдувоитов (видео),
А.Аҳмедов (монтаж),
ЎзА