Бағдодда нима гаплар?
Бугун "Фарғона – Қўқон" йўлида жойлашган Бағдод шаҳарчаси ҳамманинг эътиборида. Қайси кўчага кирманг, қудратли техник воситалар ишлаётганини кўрасиз. Одамлар орасида эса шов-шув тарқалган: Янги Бағдод қурилар эмиш.
Ҳа, Бағдодда бир томонда кўприк, бошқа томонда йўл қуриляпти. Қоқ марказдаги эски уйлар эса бузилиб, ўрни текисланиб, янги лойиҳадаги ўн қаватли замонавий бинолар қурилиши бошланди.
60-70 йиллар олдин қурилган, маънан эскирган, яшашга ноқулай, тобора хароблашиб бораётган уйлар кетма-кет бузиб ташланяпти.

– Эски уйларимиз зах, чунки ер ости суви жуда яқин. Шунинг учун кўлмаклар ҳосил бўлади, – дейди шу уйда яшовчи Тоҳир Мўйдинов. –Уйни пашша босарди. Агар янги уйга кўчиб ўтсак, ҳаётимиз яхшиланади. Бағри дилимиз очилади.
Эски уйда яшовчи аҳоли ислоҳотларни тўғри англаяпти. Чунки бу уйларда ортиқ яшаб бўлмас эди.

– 23 та икки қаватли уйни қайта қуриш лозим. Уларда 216 та хонадон мавжуд. Аввалги уйларда канализация тизими ҳам йўқ эди, – дейди “Янги Бўстон” МЧЖ уй-жойга хизмат кўрсатиш идораси раҳбари Мамадиёр Муҳаммадалиев. – Яшаш шароити оғир бўлган. 7 гектар ҳудудимизда 5 та дренаж қудуқлари бор. Қишда зах сувлар кўтарилиб кетади. Ер ости сувини тортиб улгуролмайди. Натижада тураржой бинолар сифатини йўқотади. Бинолар сувоқлари тушиб кетади.
Бу уйларнинг собиқ эгалари вақтинча ижарага чиқарилди. Аммо уларга ҳар ойда 1,5 млн.сўмдан ижара ҳақи ҳам тўлаб бериляпти.

Янги уйлар эса шиддат билан қурилмоқда. Ёз эмасми, иш икки сменада ташкил этилган. Бир ҳафта-ўн кунда бир қават кўтарилади, дейди қурувчилар.
– 23 та маънавий эскирган уйлар ўрнига 23 та 7-10 қаватли уйлар қурилади. Биринчи қаватига хизмат кўрсатиш шохобчалари жойлашади, – дейди “Крона строй” МЧЖ раиси Дилмурод Йўлчиев. – Мана бу қурилаётган бино ўрнида 2 қаватли уй бор эди. Аҳоли 16 та хонадонда яшашарди. Етти қаватли янги уй битса унинг 16 та хонадони эски уй эгаларига берилади. Ҳозир улар ижарада туришибди ва ижара пулларини биз тўлаб беряпмиз.

Ҳа, Бағдодда тунлари тинч бўлса-да, кундузлари ҳаёт қайнамоқда. Ой-кун ўтиб яна Бағдодга келинг. Унда сиз мутлақо янги шаҳарни кўрасиз.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/gq8vLtFcHak" title="Bog‘dodda nima gaplar?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА