Бадиий таълимда имтиҳонлар бошланди
Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида 2026–2027 ўқув йили қабули доирасида касбий (ижодий) имтиҳонларга старт берилди.
Имтиҳон жараёнларига Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нуридинов ташриф буюриб, абитуриентларнинг касбий (ижодий) имтиҳонларни топшириш жараёни ҳамда имтиҳонларни юқори савияда ташкил этиш юзасидан амалга оширилаётган ташкилий ишлар ва яратилган шарт-шароитлар билан танишди.

Шунингдек, касбий (ижодий) имтиҳонларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида жорий этилган кузатув тизими, институт ҳудудида ўрнатилган онлайн трансляция экранлари ҳамда институтнинг расмий веб-сайти орқали йўлга қўйилган жонли эфир жараёнлари кўздан кечирилди.

Маълумот учун, институтда касбий (ижодий) имтиҳонларни амалдаги меъёрий талаблар асосида, холислик, шаффофлик ва адолат тамойилларига қатъий риоя этилган ҳолда ташкил этиш бўйича зарур чоралар кўрилган.

Жумладан, институт ҳудудида ота-оналар ва кузатувчилар учун касбий (ижодий) имтиҳонларни реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи махсус трансляция экранлари ўрнатилган бўлиб, улар орқали имтиҳон жараёнлари онлайн намойиш этилмоқда.

Бундан ташқари, касбий (ижодий) имтиҳонларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида жараёнларни институтнинг расмий веб-сайти орқали ҳам тўғридан-тўғри жонли эфирда кузатиш имконияти яратилган.
Г.Бобоева, ЎзА