БАА Эрон фуқаролари учун чекловни кучайтирди
Бирлашган Араб Амирликлари ва Эрон ўртасидаги сиёсий муносабат кескинлашиши ортидан БАА Ислом Республикаси фуқаролари учун мамлакатга кириш тартибини сезиларли даражада қийинлаштирди. Хусусан, "Emirates Airlines" расмий манбалари орқали эронликлар учун мамлакатга кириш чекланганини маълум қилди. Расмий изоҳлар ҳали тақдим этилмаган бўлса-да, мазкур тақиқ амалда виза ва паспорт талабида акс этмоқда.
Шу билан бирга, айрим истиснолар сақланиб қолган. Масалан, “Flydubai” олтин визага эга шахслар кириш ва транзит имкониятидан тўлиқ фойдаланишда давом этишини билдирган.
Бинобарин, ҳукумат ички хавфсизлик чорасини кучайтириб, мамлакатда яшаб келаётган айрим эронликларнинг яшаш рухсатномасини бекор қила бошлади. Ушбу давлат билан боғлиқ айрим компания ва ташкилотлар фаолияти ҳам тўхтатилган, айрим ҳолларда депортация ҳам қайд этиляпти.
Умуман, БААда Эрон фуқароларига нисбатан назорат кескин кучайтирилган. Чеклов нафақат чегарада, балки мамлакат ичида яшовчи резидентларга ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Ф. Яхшибоева, ЎзА